Тошкент молия институтида коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига шунингдек молия тизимини ривожлантиришга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган онлайн видеоконференция ташкил этилди

Тошкент молия институтида коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига шунингдек молия тизимини ривожлантиришга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган онлайн видеоконференция ташкил этилди

       2020 йил 18 апрель куни Тошкент молия институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 56-Ф-сонли Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида 2020 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га мувофиқ «Инновацион иқтисодиёт шароитида молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари» мавзусида республика миқёсидаги илмий-амалий конференция ZOOM дастури орқали онлайн равишда ташкил этилди.

 

      Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, “Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари” қўмитаси раиси ўринбосари, и.ф.д., профессор О.Иминов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар” қўмитаси аъзоси, и.ф.д., профессор Н.Жумаев, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, и.ф.д., профессор О.Олимжонов, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти илмий ишлар, инновация ва халқаро алоқалар бўйича директор ўринбосари, и.ф.д., профессор Н.Хайдаров, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва тармоқ идораларининг вакиллари, соҳанинг етакчи олимлари, Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари ўз илмий маърузалари билан онлайн шаклида иштирок этдилар.

 

     Конференция дастурига мувофиқ маърузалар асосан мамлакатимизда бугунги кунда коронавирус пандемиясининг иқтисодиёт тармоқларига шунингдек молия тизимида салбий таъсирини юмшатиш бўйича илмий ечимини топиши керак бўлган муаммолар ва уларни ечимига қаратилди. Маърузаларда дунё молия бозорларида юзага келаётган инқирозли холатларни мамлакатимиз иқтисодиётига таъсири, рақамли иқтисодиёт шароитида молия тизимидаги ислохатлар, Ўзбекистон молия тизимига рақамли технологияларни жорий этишни ривожлантиришда хориж тажрибаларидан фойдаланиш, бюджет тизимини ислоҳ этишнинг замонавий ёндашувлари, инновацион иқтисодиёт шароитида корпоратив молия муносабатларини такомиллаштириш, пандемия шароитида давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш, давлат бюджети даромадларини кутилаётган ижроси ҳамда Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш ҳисобини юритишни халқаро ҳисоб стандартларига мувофиқлаштириш масалалари атрофлича илмий ёритиб берилди.

 

Конференцияни Республикамизнинг турли ҳудудларидан туриб юзлаб иштирокчилар онлайн тизимга уланган ҳолда кузатиб бордилар ҳамда муҳокамаларда фаол қатнашдилар. Жонли равишда ўтказилган савол жавоблар, бахс мунозаралардан сўнг анжуманнинг асосий йўналишлари бўйича илмий хулосалар шакллантирилди.

16:24 / 2020-04-18
Success helper
Success warning