ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ РEКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

ЯНГИ ЙИЛ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ РEКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ


Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!


Муҳтарам устозлар, ишчи-ходимлар!


Азиз талаба-ёшлар!

 

Мана шундай байрамона, қувончли кунларда институтимизда фаолият юритаётган муҳтарам устозлар ва ходимларни, келажагимиз таянчи бўлган азиз талаба-ёшларни янги йил байрами муносабати билан чин қалбимдан ўзим ва институт раҳбарияти номидан самимий қутлайман!


Аввало, таъкидлаб ўтишимиз жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим қамровини кенгайтириш, таълим сифатини янада оширишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўли эканлиги алоҳида таъкидланиб, таълим тизими янги ривожланиш босқичига олиб чиқилиши, мазкур соҳада ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилиши қайд этилди ҳамда 2023 йилга юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили», деб ном берилиши таклиф этилди. Албатта, сифатли таълим – давлат ва жамият тараққиётининг асосий омили ҳисобланади. Хусусан, Тошкент молия институтида ҳам таълим сифатини ошириш, институт профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, бугунги меҳнат бозорига рақобатбардош кадрларни етказиб бериш борасида қатор амалий ҳаракатлар, шунингдек, хорижий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, халқаро рейтинглар ва лойиҳаларда иштирок этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур амалий ҳаракатлар натижаси ўлароқ, институтимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан Республикадаги Олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 3-ўринни, ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича Олий таълим муассасалари рейтингида 2-ўринни, 2022 йилнинг ноябрь ҳолатига QS Rankings рейтингида Осиё давлатлари университетлари ичида 551 – 600-ўринда ва Марказий Осиё университетлари орасида 29-ўринда, Ўзбекистон Олий таълим ташкилотлари ичида 3-ўринда илк бора қайд этилди. Шунингдек, Тошкент молия институти Times Higher Education агентлиги  “World University Rankings – 2023” «ТОП-1000 талик» рейтингдан жой олиш учун давогар олийгоҳ сифатида эътироф этилди.


Институтда 2022 йилда ҳам докторлик диссертациялари устида илмий-тадқиқотлар самарали олиб борилди. Институт профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчилари томонидан 2022 йилда жами 55 нафар фан доктори(DSc) ва фалсафа доктори(PhD) илмий даражаларини олиш учун диссертация ишлари ҳимоя қилинди. Институтда олинган натижаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва илмий фаолият натижавийлигини янада самарали амалга ошириш мақсадида 13 та, жумладан 5 та халқаро, 5 та республика ҳамда 3 та вазирлик миқёсида илмий-амалий конференциялар юқори савияда ташкил этилди.

Институтда «фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси» узлуксизлигини таъминлаш юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб, соҳа корхона-ташкилотлари, тижорат банклари билан таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, талабалар бандлигини таъминлаш, ёшларимизнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш борасида қатор ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бундан ташқари, янги ўқув йили бошида бугунги замон таълим жараёни ва тенденцияларига мос инновацион ахборот технологиялари билан жиҳозланган, замонавий шарт-шароитларга эга янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.


Бундан ташқари талабаларимиз томонидан эришилаётган улкан ютуқларни ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. Хусусан, талаба-ёшларимиз халқаро ҳамда республика миқёсидаги интеллектуал, спорт мусобақалари, олимпиада ва танловларда муносиб қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Албатта, Тошкент молия институтининг қатор соҳалар бўйича салоҳияти ва нуфузи ошишида институтимиз жамоасининг меҳнатлари беқиёсдир.

 

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар!


Азиз талабалар!


Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Сизни кириб келаётган янги 2023 йил билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Мамлакатимиз тараққиёти йўлида амалга ошираётган барча эзгу ишларингизда омад ва ютуқлар ёр бўлсин. Янги 2023 йилда Сизга улкан зафарлар, мустаҳкам соғлик, оила-аъзоларингизга бахт-саодат, хонадонингизга тинчлик ва файзу барака тилайман!


Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Т.Тешабаев 

Тошкент молия институти ректори

12:13 / 2022-12-31
Success helper
Success warning