“Давлат тили ва саводхонлик” мавзусида илмий-адабий анжуман

“Давлат тили ва саводхонлик” мавзусида илмий-адабий анжуман

   2020 йилнинг 16 октябрь куни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 31 йиллиги муносабати билан институтда “Давлат тили ва саводхонлик” мавзусида илмий-адабий анжуман бўлиб ўтди.

  Илмий-амалий анжуманни институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Ў.Нарбаев кириш сўзи билан очиб берди ва она тили - миллат маънавиятининг кўзгуси, тафаккуримизни бойитишда энг самарали омил, хусусан, ёш авлодни камолга етказишда етакчи восита эканлигини алоҳида қайд этди. Шундан сўнг сўз навбатини меҳмонларга топширди.

  Анжуманда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов “Давлат тили ва матбуот” мавзусидаги маърузаси билан ҳозирги кунда ўзбек тилининг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеи, лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбоси ва имло қоидаларининг жорий этилганлиги, иш юритишда тўлиқ давлат тилига ўтилганлиги ҳақида атрофлича сўзлади. Шунингдек, ҳозирги кунда тилимизнинг янада ривожланиб бораётганлиги, унга бўлган эътибор янада ошиб бораётганлиги, матбуотда, радио-телевиденияда, Ўзбекистон миллий нашриётларида чоп этилаётган нодир асарлар, дарсликлар, кўп жилдлик Ўзбек Давлат миллий энсиклопедиялари ҳам бунинг яққол исботи эканлигини алоҳида таъкидлади.

    Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ўзбек филологияси факултети декани, филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр Абдушукуровнинг маърузаси “Ёзув ва саводхонлик” мавзусида бўлди. У ўз маърузасида ўзбек тили ўзининг бетакрор жозибаси ва луғавий бойлиги билан алоҳида ажралиб туришини илмий-таҳлилий мулоҳазалар орқали муфассал таҳлил қилди.

   Тошкент молия институти “Молия” кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Тохир Маликов “Молия соҳасига оид атамаларни қўллаш” мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида бебаҳо маънавий-маърифий мулк бўлган ўзбек тили имкониятларини ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларига жорий этишда эришилаётган ютуқлар ва йўл қўйилаётган айрим нуқсонларга тўхталди.

   “Ўзбек ва хорижий тиллар” кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Нишонбой Ҳусанов ўз маърузасида Давлат тили ривожи терминология билан чамбарчас боғлиқлиги, бинобарин, ана шу узвийликни кенг кўламда таъминлаш ижобий натижаларга олиб келишига эътиборни қаратди, институтда иқтисодиёт терминларини ўрганиш бўйича қатор илмий-амалий ишлар бажарилганини таъкидлади.

   Тадбир якунида еғилганлар бугун ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграётганлигини, хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучайиб бораётганлиги ҳақида хулоса чиқардилар.

15:14 / 2020-10-17
Success helper
Success warning