Ректор табриги

Ректор табриги

      Ассалому алайкум, ҳурматли ҳамкасблар! Азиз талабалар ва ота-оналар!


      Барчаларингизни кириб келаётган Рўзаи-Рамазон ойи билан Институт маъмурияти номидан табриклайман. Ҳозирги барчамиз учун машаққатли ва синовли бўлган даврда Сизларга ва ТМИ жамоасининг барча аъзоларига сиҳат-саломатлик ва сабр тоқат тилайман. Деканлар ва кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар ва ишчи хизматчилар, маъмурият аъзолари - талабаларимиз учун масофадан таълим ва тарбия бераётган, бир ёқадан бош чиқариб ўз вазифасини виждонан ва сидқидилдан бажараётган, тинмай меҳнат қилаётган барча-барчага, шунингдек профессор-ўқитувчиларимизнинг масофадан бераётган видеодарсларини, вазифа ва топшириқларини ўқиб-ўрганаётган,  фанларни мустақил ўзлаштираётган барча талабаларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман. 


       Азиз талабаларимизнинг ота-оналари, Сизлар талабаларимизга бугунги қийин шароитда масофадан ўқишини ташкил этишда фарзандларингизни қўллаб қувватлаётганлигингиз, шарт-шароит яратиб бераётганлигингиз учун катта раҳмат.


      Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёев бошчилигида бутун Ўзбекистон халқини коронавирусдан химоялаш бўйича амалга оширилаётган чора тадбирлар доирасида ҳамда Рўзаи-Рамазон кириб келиши муносабати билан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз ҳиссасини қўшиш учун муносабат билдирган барча раҳбар ходимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг ташаббуслари алоҳида таҳсинга сазовор. Ишончим комил, жуда яқин кунларда карантин ҳам якунига етиб, қийин кунлар ортда қолади ва барчамиз илгаригига қараганда бир неча баробар шиддат ва шижоат билан институтдаги фаолиятимизни давом эттирамиз.  Яна бир бор барчангизга Рўзаи-Рамазон муборак бўлсин! Ўзингизни ва яқинларингизни асраб-авайланг. 

 


Ҳурмат билан Ректор        У.Азизов.

08:40 / 2020-04-23
Success helper
Success warning