Тошкент молия институти – коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси
Тошкент молия институти – коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси

Korrupsiya - Kelajakka tahdid!

“Тошкент молия институти – коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан институт жамоасининг

МУРОЖААТНОМАСИ

 

Ўзининг қадимий тарихи, унутилмас анъаналари ва қадриятларига эга бўлган жонажон Ўзбекистонимиз бугун ривожланишининг янги босқичига чиқди.  Бу эзгу ишларда барча соҳаларни ривожлантирувчи асосий куч, омил ва ресурс – алалоқибат кадрлар масаласига бориб тақалмоқда.

 

Мамлакатимиз Президентининг улкан саъй-ҳаракатлари билан таълим тизими, шу жумладан олий таълим тизими бошқа соҳалар каби ривожланишнинг янги даврини бошидан кечирмоқда ва муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб, таълим сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётларининг янги авлодлари яратилмоқда. Малака ошириш тизими такомиллаштирилиб, илмий салоҳиятни янада оширишга, ёшлар билан маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

 

Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимида ҳалигача айрим муаммоли масалалар мавжуд. Шулардан бири, давлат ва жамият ривожланишига раҳна солувчи иллат – коррупция олий таълим тизимига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани бор гап.

 

Жамиятимизда мазкур иллатга қарши тизимли равишда курашиш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги  “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинди.

 

 Мазкур Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида Коррупциясиз соҳа лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилди.

 

Олий таълим тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик маошларини сўнгги бир йил ичида 3 маротаба ошириш бўйича қарорлар қабул қилингани, илмий фаолият билан шуғулланаётган ходимларни босқичма-босқич уй-жой билан таъминланаётганлигига жавобан халқимизга садоқат, фидоийлик, ташаббус кўрсатиб ва ҳалоллик билан хизмат қилиш фурсати аллақачон етганлигини бугун биз – Тошкент молия институтида меҳнат қилаётган ҳар бир раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилар жуда яхши аглаб турибмиз.

 

Биз Тошкент молия институти жамоасининг ҳар бир аъзоси – у ректор бўладими, проректор, декан, бўлим бошлиғи, кафедра мудири,  профессор-ўқитувчи бўладими – биз барчамиз институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил қилиш, ёшларга етарли шароитларни яратиб бериш, уларнинг инновацион ғоялари, ишланмалари, стартаплари ва бошқа соҳалардаги улкан  истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда намоён этишлари учун барча куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз.

 

Институтда коррупция ҳолатларини юз беришига қарши ҳар бир жабҳада, ҳар куни ва қадамда курашишга сўз берамиз. Коррупцияга қарши аёвсиз курашни қабул жараёнларидан бошлаб, талабалар ўқишини биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этамиз.

 

Биз Тошкент молия институтини ҳақиқий илм, маърифат масканига айлантириш йўлида барча ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ҳаракат қиламиз. Бу йўлда талаба-ёшларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз – жамоамизнинг ҳар бир аъзоси бизга энг катта кўмакчи бўлишига ишонамиз.     

 

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган институт жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади. Бу йўлда ким тўғри хулоса чиқармаса, аяб ўтирилмайди.

 

Институт жамоасининг биргаликдаги саъй – ҳаракатлари натижасида биз албатта сўзимизнинг устидан чиқамиз.

 

Азиз юртдошлар, ёшлар ва ота-оналар!   

 

Институтнинг қабул жараёнларида ёки ўзингизнинг ва фарзандларингизнинг таълим олишининг барча босқичларида турли найранг ва фирибгарликлар қурбонига ёки  аъзосига айланиб қолманг. Ҳеч қачон сабабсиз оқибат бўлмаслигини ёддан чиқарманг. Фақат ва фақат ёшларнинг  билимига ишонинг ва шунга таянинг. Институтда таълим-тарбия олаётган ёшларимиз вақтини бекорчи нарсаларга сарфламай, фақат билим олиш билан банд бўлишларида таълим тизими вакилларига кўмакдош бўлинг. Чунки, оила – жамиятнинг асоси, таълим-тарбиянинг ўзаги эканлигини унутмайлик.

 

Таъмагирлик, пора олиш ёки пора бериш ва унга ундаш каби жирканч иллатларга қарши курашда қисқа муддатларда самарали натижага эришиб, бошқа соҳаларга ўрнак бўлайлик. Чунки, зиёлилар жамиятни олдинга етакловчи асосий куч саналади. Ана шундай зиёлиларни етиштириб берувчи Тошкент молия институти турли иллатлардан ҳоли ҳақиқий зиё масканига айлансин. 

 

Шунда Халқимиз, Ватанимиз, Президентимиз ва Яратганнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади.

 

Тошкент молия институти жамоаси            

 

Success helper
Success warning