Хотира азиз, қадр муқаддас
Хотира шундай руҳий-маънавий қудрат-ки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотира тиниқлиги – туйғулар тиниқлиги, хотира ёрқинлиги – руҳ ёрқинлиги, хотира тозалиги – ҳаёт тозалиги, ўйлар, орзу-мақсадлар, интилишлар покизалигидир. "Хотира ва қадрлаш куни” миллий урф-одатларимизга мос ҳолда марҳумларни ёд этиш, тирикларга севинч улашиш каби қадриятлар қаторидан жой олди.
Жорий йилнинг 7 май куни Тошкент молия институтида "9 май – Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда институт раҳбарияти, институтда узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатган фахрий профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва айни вақтда олийгоҳда фаолият олиб бораётган ёши улуғ устоз-мураббийлар, ходимлар, институт жамоаси иштирок этишди.
Тадбир аввалида «Хатми Қуръон» қилиниб, ўтганлар хотираси ёд этилди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларига ош тортилди.
Таъкидлаш керакки, ўтганларнинг номларини ёд этиш, хотирасини ҳурмат билан эслаш муқаддас одат сифатида қон-қонимизга сингиб кетган. Институтда кўп йиллар давомида меҳнат қилиб, ҳозирда нафақада бўлган фахрийлар ва ҳозирда фаолият юритаётган фахрий устозларимиз меҳнати ва матонати олдида бош эгамиз.
15:13 / 2022-05-07