Тошкент молия институтида Абдулла Қаҳҳор ижод музейи очилди

Тошкент молия институтида Абдулла Қаҳҳор ижод музейи очилди

Абдулла Қаҳҳор ўзбек адабиётига ҳикоя жанрининг мислсиз устаси сифатида кириб келган. Устоз ёзувчи ҳаттоки ўзбекларнинг Чехови даражасида улуғланган.

 

Абдулла Қаҳҳор ёзувчи сифатида ўзбек тилини нозик ҳис этувчи ва унинг бой имкониятларидан маҳорат билан фойдаланувчи қаламкаш эди.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда буюк ёзувчининг ҳаёт йўли ҳамда ижодини кўпроқ татбиқ этиш, ёш авлод шуурига қолдирган ўлмас асарларини сингдириш, босиб ўтган ҳаёт йўлини намуна сифатида кўрсатиш борасида кўпгина амалий ишлар қилинмоқда.

 

Хусусан, жорий йилнинг 17 сентябрь куни Тошкент молия институтида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 114 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

 

Тадбирда институт ректори Т.Тешабаев, «Абдулла Қаҳҳор» уй-музейи директори Санобар Матлубова, қаҳҳоршунос олим Адҳамбек Алимбеков, «Абдулла Қаҳҳор» музейи концепциясининг яратилиши» илмий-адабий маслаҳатчи Нуриддин Очилов, профессор-ўқитувчилар, ОАВ вакиллари ҳамда талабалар иштирок этишди.

Маънавий-маърифий тадбир институтда ташкил қилинган «Абдулла Қаҳҳор ижод музейи» очилиши билан бошланди. 

Тадбирда сўзга чиққанлар Абдулла Қаҳҳорнинг ўзбек адабиётидаги муҳим ўрни, авлодларга қолдирган ўлмас мероси ҳақида тўхталишди. Шунингдек, Тошкент молия институтида ташкил этилган ижод музейи талаба-ёшларга адибнинг ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишлари учун жуда катта қадам бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Тадбир талабалар томонидан тайёрланган турли саҳна чиқишлари ҳамда шеърхонлик кечасига уланиб кетди.

 

 

 

 

 

 

 

ТМИ матбуот хизмати

 

11:49 / 2021-09-18
Success helper
Success warning