1-ОКТАБРЬ «ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ» МУНОСАБАТИ БИЛАН ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ РEКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

1-ОКТАБРЬ «ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИ» МУНОСАБАТИ БИЛАН ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ РEКТОРИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ

Азиз устоз ва мураббийлар,

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар!
 

Бугунги кунда институтимизда ёшларга таълим бериб, садоқат ва фидоийлик ила фаолият юритаётган барча педагог-ходимларни «1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан ўзим ва институт раҳбаряти номидан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
 

Халқимизда «Ҳар ишнинг бир устаси бор, ҳар устанинг бир устози» деган пурмаъно мақол бежизга тез-тез тилга олинмайди. Албатта, дунё яралибди-ки, азалдан одамзод бир-бирига устоз ва шогирд бўлиб келмоқда. Жамиятнинг бугуни ва келажаги, унинг маданий-маърифий ва маънавий салоҳияти таълим тизимининг қай даражада ривожланганлиги билан белгиланади. 
 

Таълим-тарбия тизимидаги ислохотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Таъкидлаш жоизки, инсон учун ҳаёти давомида одоб-ахлоқ ва касб-ҳунар ўргатадиган, йўл-йўриқ кўрсатадиган мисоли бир чироқ, устознинг борлиги жуда ҳам муҳим.
 

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз. 

Бугунги кунда институтитмизда жами 400 нафардан ортиқ, шундан 40 нафар фан докторлари (DSc), 160 нафар  фан номзодлари (PhD) илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Институтда бу йил илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилган бўлиб охирги икки йилда докторантлар, мустақил изланувчилар томонидан илмий даража олиш учун диссертация ҳимоя қилганлар сони  ўртача 80 нафарни ташкил этмоқда. Илмий салохиятни жорий йилнинг охиригача камида 55 фоизга етказилиши режалаштирилган.


Охирги 5 йилда институт профессор-ўқитувчилари, докторант ва мустақил изланувчилари томонидан илмий тадқиқот натижалари импакт-фактори юқори хорижий илмий журналларда 1000 дан, шу жумладан SCOPUS/Web of Science маълумотлар базасига киритилган журналларда 200 дан  ортиқ мақола чоп этилган. Шунингдек, Хирш (ҳ-индех) индекси 5 ва ундан юқори бўлган педагог ходимлар сони кескин ошган.


Биз ўйлаймизки, сиз меҳнаткаш устозлар бундан кейин ҳам бунданда юқори поғоналарни забт этишларингизга ва ватанимиз равнақи учун муносиб шогирдларни етиштириб чиқаришларингизга ишонамиз. Сиздек меҳнаткаш, фидойи устозлар борлигидан биз фахрланамиз.
 

Муҳтарам устозлар!
Азиз профессор-ўқитувчилар!

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир карра «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан, сиз азизларни чин қалбимдан самимий табриклайман!
Сизларга оилавий бахт, тинчлик, хотиржамлик, сиҳатлик-саломатлик тилайман!


Тўлқин Тешабаев,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

 

12:03 / 2021-10-01
Success helper
Success warning