«Хотира муқаддас – инсон қадри азиз» номли тадбир ташкил этилди
Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турса, қадр - инсонни юксакликка кўтаради.
Мамлакатимизда «9 май – Хотира ва қадрлаш куни» кенг миқёсда нишонланди. Ушбу байрам мустақил Ўзбекистонда асрлар давомида ўлкамизни қаҳрамонона ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустақиллиги ва халқининг тинчлиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланган.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Қолаверса юртимиз тинчлиги, ободлиги йўлида ўз ҳиссаларини қўшган аждодлар хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, қолаверса бугун кунда сафимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Шу муносабат билан бугун, 8 май куни Тошкент молия институтида «Хотира муқаддас – инсон қадри азиз» номли тадбир ташкил этилди.
Унда Унда институт раҳбарияти, институтда узоқ йиллар давомида фаолият кўрсатган фахрий профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва айни вақтда олийгоҳда фаолият олиб бораётган ёши улуғ устоз-мураббийлар, ходимлар, институт жамоаси иштирок этишди.
Таклиф этилган элимиз ардоғидаги санъаткорлар тадбирга кўтаринки руҳ ва кайфият бағишлади.
Институтда узоқ йиллар давомида фаолият юритган, юзлаб, минглаб шогирдларга устозлик қилган фахрийларимизнинг олдида доимо бош эгамиз!