30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги!
Ассалому алайкум ҳурматли талаба-ёшлар!
Авваламбор, Тошкент молия институтида таҳсил олаётган, фаолият юритаётган талаба-ёшларни 30 июнь “Ёшлар куни” байрами муносабати билан чин қалбидан институт раҳбарияти ва ўзим номимдан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатимиз келажаги ва эртаси бўлган бўлган сиз каби азму-шижоатли, илғор билим ва амалий тажрибага эга, креатив фикрлайдиган ёшлар бор экан, албатта, юртимиз янада ривожланиб бораверади.
Маълумки, 2017 йилнинг 30 июнь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди ҳамда ушбу сана Ўзбекистон Республикасида “Ёшлар куни” байрами сифатида нишонланиши ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яққол намунаси бўлди десак муболаға бўлмайди. Албатта, Республикамизда ёшларга катта имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, институтимизда ҳам талаба-ёшларимизни ҳам томонлама етук кадр бўлиб етишишлари, сифатли ва бугунги меҳнат бозорига мос таълим олишлари учун зарурий шароитлар яратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда олийгоҳимизда 15 минг нафардан ортиқ талаба-ёшларимиз молия-банк соҳаларидаги турли мутахассисликларда таҳсил олмоқдалар. 2022-2023 ўқув йилида Тошкент молия институти иқтидорли талабалари кўплаб ютуқларга эришдилар. Жумладан: 1 нафар Президент стипендияси, 6 нафар Алишер Навоий стипендияси, 1 нафар Ислом Каримов стипендияси, 10 нафар Ректор стипендияси, 5 нафар Мурод Шарифходжаев номли стипендиялари соҳиблари бўлдилар. Институт иқтидорли талабалари ўртасида “Student science week” талабаларнинг илмий ҳафталиги доирасида турли хил танловлар мунтазам равишда ўтказилади. Ғолиб талабалар 5 млн. сўмгача рағбатлантириладилар.
Ёшларимизнинг маънавий-маърифий, замонавий дунёқарашини ошириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасида тизимли тадбирлар, режали амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Олийгоҳда “Талабалик ҳаёти”ни юқори савияда ташкил этиш мақсадида биргина ўтган ўқув йили мобайнида институт талаба-ёшлари ўртасида “Билимлар беллашуви”,“Мунозара”, Заковат”, “Қувноқлар ва зукколар”,“Ректор кубоги”, “Амалий санъат усталари”, “Ҳаваскор гитара ишқибозлари”, “Талабалар театр студиялари”, “Ғазал ва шеърият мулкининг султонлари”, “Китобхон ёшлар”, “Миллий либос – миллат қиёфаси, миллий ифтихор ифодаси”, “Мен севган китоб” каби ёшларимизни китобхонлик, ижодкорлик, креативлик, миллийликка тарғиб қиладиган жуда кўплаб кўрик-танловлар ташкил этилиб, ғолиб талаба-ёшларимиз тақдирланди. Бунда ташқари талабаларимизнинг спорт соҳасида ҳам катта натижаларга эришмоқдалар. Хусусан, биргина 2022/2023 ўқув йилининг ўзида 100 нафардан ортиқ талаба-ёшларимиз маҳаллий, минтақавий ва халқаро даражадаги спорт мусобақаларида муносиб қатнашиб, Ватанимиз байроғини юқориларга кўтариб келмоқдалар. Талаба-ёшларимизнинг эришаётган бу каби ютуқлари, албатта, бизни жуда қувонтиради.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор ёшларимизнинг бугунги байрам билан табриклайман.
Ёшларимизнинг ўз олдига қўйган улкан ва хайрли мақсадлардан чалғимай доимо олға юришларига, юқори марраларни забт этишиб, мамлакатимиз ва халқмиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишларига тилакдошмиз.
Байрамингиз муборак бўлсин!
Тўлқин Тешабаев,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.