8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбир ташкил этилди
Жорий йилнинг 5 март куни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Тошкент молия институтида тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Унда институт раҳбарияти, аёл профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-қизлар иштирок этишди.
Мазкур тадбирнинг очилиш қисмида институт ректори Т.Тешабаев институтда фаолият юритаётган хотин-қизларни баҳорий байрам билан самимий қутлади.
Таъкидланганидек, аёлнинг нафосати ва назокати, вафо ва садоқати, ақл-заковати ва фидойилиги асрлар мобайнида ер юзида ҳаёт давомийлиги ва абадийлигига асос бўлиб келади. Тадбирда мамлакатимизда ҳам аёлларнинг жамиятимиздаги ўрни, мавқеи ошиб бораётганлигига алоҳида урғу берилди.
Шундан сўнг институтда узоқ йиллардан буён фаолият юритаётган бир гуруҳ профессор-ўқитувчи ва ходима аёллар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, институт Илмий-адабий маслаҳатчиси, шоир Бобур Бобомурод табриги, «Молиячи гулшани» ашулла ва рақс ансамбли томонидан тайёрланган куй-қўшиқлар байрам кайфиятига кўтаринки руҳ бағишлади. Шунингдек, эстрадамиз вакиллари Шербек ва Кумуш томонидан куйланган қўшиқлар барчани кўнглидан чуқур жой олди.