«Пазанда қизлар - ораста қизлар» беллашуви
Институт Хотин-қизлар Кенгаши ташаббуси билан жорий йил 26 февраль куни 3-сонли Талабалар турар жойида «Пазанда қизлар - ораста қизлар» беллашуви ташкил қилинди.
Тадбирдан кўзланган мақсад - талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, уларда зарур ҳаётий кўникмаларни шакллантириш, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган устозлар билан талабалар ўртасида эркин мулоқот қилиш учун ёқимли ва фойдали муҳит яратиш.
Беллашув жараёнида ТТЖда истиқомат қилувчи 20 дан ортиқ қизлар 4 та жамоага бирлашиб, хамир ёйиб, чучвара тугиш ҳамда турли ширинликлар пишириш бўйича ўз маҳоратларини намойиш қилдилар.
Тадбирга ташриф буюрган аёл профессор-ўқитувчилар, тюторлар, тарбиячи-педагоглар ҳам талаба-қизлар билан биргаликда чучвара тугиш баробарида, қизларга тансиқ таомлар тайёрлаш, дастурхон безатиш, таомни меҳмонларга тортиқ қилиш борасида ўзига хос маҳорат дарсини намойиш қилдилар.
Институтнинг «Молиячи гулшани» ашула ва рақс ансамли санъаткорлари эса шўх куй-қўшиқлари билан иштирокчиларга яхши кайфият улашдилар.
Тадбирда иштирок этган талаба-қизларга институт раҳбарияти, Касаба уюшмаси ва Хотин-қизлар кенгаши томонидан тайёрланган эсалик совғалари тақдим этилди.