Молиявий мустақиллик берилган давлат Олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув соҳалари бўйича қўшимча ваколатлар берилди

Молиявий мустақиллик берилган давлат Олий таълим муассасаларига академик ва ташкилий-бошқарув соҳалари бўйича қўшимча ваколатлар берилди

Қарорга кўра, молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларига 2022/2023-ўқув йилидан бошлаб академик ва ташкилий-бошқарув соҳалари бўйича мустақиллик тақдим этилди.

 

Хусусан, молиявий мустақил бўлган олий таълим муассасаларига академик мустақиллик соҳаси бўйича қуйидаги қўшимча ваколатлар берилди:

 

ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш;

 

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш;

 

докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилиш;

 

докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;

 

магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;

 

ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш;

 

олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;

 

таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш
ва жорий этиш
;

 

Ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳаси бўйича эса:

 

фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;

 

олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар муассасанинг тузилмасини тасдиқлаш ва штат бирликлари сонини белгилаш;

 

меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатиш;

 

педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;

 

хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этишни мустақил ҳал этади.

 

Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик (идора)ларнинг бир қатор ваколатлари таълим муассасаларига ўтказилди. Хусусан:

 

чет эл фуқароларининг ўқишини хорижий олий таълим муассасаларидан республика давлат олий таълим муассасаларига кўчириш;

 

олий таълим муассасаси қабул комиссияси раиси ва масъул котибини, шунингдек, олий таълим муассасаси томонидан ўтказиладиган имтиҳонлар бўйича қабул комиссияси раиси ва аъзолари, имтиҳон олинадиган фанлар дастурлари, баҳолаш мезонлари ва имтиҳонлар жадвалини тасдиқлаш;

 

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олувчиларнинг амалиётни ўташ тартибини тасдиқлаш ва уни ташкил этиш;

 

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ички тартиб қоидалари, жумладан таълим олувчиларнинг кийим-бошига доир талабларни белгилаш таълим муассасалари томонидан мутақил ҳал этилади.

 

Шунинг билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг олий, ўрта махсус ва профессионал таълим соҳасидаги қуйидаги ваколатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ўтказилди:

 

олий, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқитиладиган таълим йўналишлари, мутахассисликлар ва касблар рўйхатини тасдиқлаш;

 

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таълим давомийлигининг энг кам муддатларини белгилаш;

 

кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакли жорий этилмайдиган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини белгилаш;

 

дарсликлар, ўқув ва илмий адабиётларни тайёрлаш, нашр этиш тартибини, шунингдек, уларни етказиб беришга ва улардан таълим ташкилотларида фойдаланишга қўйиладиган талабларни белгилаш;

 

таълим муассасаларига нисбатан моддий-техник, инфратузилмавий ва параметрик талабларни белгилаш.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилиб, таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз олий таълим муассасаларининг Кузатув кенгашлари ташкил этилади.

 

2022 йил якунига қадар ягона “Электрон кутубхона” платформаси ишга туширилади.

 

Олий таълим муассасаларида Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими (HEMIS)нинг:

 

2022 йил 1 мартга қадар “Ўқув жараёнини бошқариш”, Илмий жараённи бошқариш”, Маъмурий жараённи бошқариш” ва Молия-хўжалик фаолиятини бошқариш” қисмлари;

 

2022 йил 1 майга қадар “Таълим сифатини назорат қилиш” қисми жорий қилинади.

19:54 / 2021-12-25
Success helper
Success warning