«1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

«1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Азиз устоз ва мураббийлар,

 

Ҳурматли профессор-ўқитувчилар!

 

Авваламбор, устоз-мураббийдек шарафли, заҳматли касб эгалари, азиз профессор-ўқитувчиларимизни «1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан ўзим ва институт раҳбарияти номидан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

 

Инсон яшар экан, энг аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чекган устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорчилик туйғуси билан яшайди. Азалдан олижаноб халқимизда «Элни маърифат асрайди» деган пурмаъно нақл бор. Зеро, устозлар тимсолида айнан маърифатли, илмли, жонкуяр, инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида хизмат қилаётган олийжаноб инсонлар тушунилади.

 

Таъкидлаш жоизки, миллатни тараққий этишида, мамлакатни ривожланишида таълимнинг роли нақадар муҳим бўлса, устозларнинг ўрни ҳам шу қадар юксак. Хусусан, институтимизнинг салоҳияти ошишида, бугунги меҳнат бозорига замонавий билимли, амалий тажрибага эга, кенг кўламли фикрлай оладиган кадрлар етиштириб беришда профессор-ўқитувчиларимиз асосий ўринда туради. Сўнгги вақтларда институтнинг миллий ва халқаро рейтинглардаги мавқеини янада оширишга қаратилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, айни вақтда олийгоҳимиз миллий рейтингда республика олий ўқув юртлари ўртасида ўтган йилги 5-ўриндан жорий йилда 2 поғона кўтарилиб 3-ўринни, Республикадаги Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти рейтингида ҳам 3-ўринни банд этди. Бундан ташқари, «Times Higher Education» халқаро рейтинг ташкилотининг томонидан «репортер», яъни халқаро рейтингга кириш учун фаол ишлари билан мазкур ташкилот эътирофига сазовор бўлган таълим муассаси сифатида қайд этилди.

 

Бугунги кунда институтда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш, илмий фаолиятга бўлган қизиқишини ошириш «Устоз-шогирд» тизими асосида йўлга қўйилгани ҳамда мазкур тизимли ишлаш натижасида талаба-ёшларимиз турли Республика ва халқаро танловлар, олимпиадаларда муносиб қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Албатта, бу каби ютуқларга эришишимизда институтимизда фаолият юритаётган педагог-ходимларнинг ўрни беқиёс.

 

Муҳтарам устозлар,

Азиз профессор-ўқитувчилар!

 

Яна бир бор "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" байрами муносабати билан, Сизни мана шундай файзли айём билан муборакбод этаман!

 

Сизларга оилавий бахт, тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик тилайман!

 

Тўлқин Тешабаев,

Тошкент молия институти ректори.

16:27 / 2022-09-30
Success helper
Success warning