Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

 

Муҳтарам устозлар, институтимиз ходимлари!

 

Азиз талаба-ёшлар!

 

Аввало, институтимиз профессор-ўқитувчиларини, ходимларини ва келажагимиз ишончи бўлган талаба-ёшларимизни миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, меҳнаткаш халқимизнинг минг йиллик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган янги кун, уйғониш ва янгиланиш, янги нафас байрами – Наврўз байрами муносабати билан шахсан ўзим ва институт раҳбарияти номидан чин қалбимдан самимий табриклайман.

 

Наврўз – янги кун. Бу, албатта, унинг луғавий маъносидир. Ушбу улуғ сўзда минг йиллик тарихимиз аксланади десак, адашмаймиз. Қадимдан олийжаноб халқимиз бу кунни қут-бараканинг бошланиши сифатида алоҳида кутишган. Бу кунда янги ниҳол, уруғ ерга қадалади. Дон сепилади. Бу барака, ризқ ифодасидир. Дарҳақиқат, бугун экилган ниҳол эртага ўз мевасини бериши аниқ. 

 

Эртамиз умиди бўлган ёшларимиз ҳам мана шу экилаётган ниҳоллардек келгусида ўз мевасини бериши учун бизга катта масъулият юклатилган. Ўзбекистонда янги уйғониш — Учинчи Ренессанс даври бошланди. Ваҳоланки, мамлакатимизнинг янги истиқболини билимли, креатив, тажрибага эга, дунёқараши кенг ёшларнинг шижоати белгилаб беради. Мана шундай ёшларни тарбиялашда, уларни мамлакатимиз равнақи йўлида астойидил хизмат қилишида олий таълим тизимининг ўрни беқиёсдир.

 

Хусусан, бугунги кунда Тошкент молия институтида ҳам ўн минг нафардан ортиқ ёшларимиз таҳсил олишмоқда. 500 нафарга яқин профессор-ўқитувчиларимиз уларга молия-иқтисод соҳасида таълим беришмоқда. Сир эмаски, жонажон институтимиз ушбу соҳада мамлакатимизга кадрлар етиштириб берувчи базавий олийгоҳ ҳисобланади. Институтда таълим жараёни бугунги замонавий таълим стандартларига мос қилиб ташкил этилмоқда. Шунингдек, олийгоҳимизда илмий салоҳиятни ҳам ошириш борасида катта ҳажмли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур амалий ҳаракатлар натижаси ўлароқ, 2021 йилда эълон қилинган олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида институтимиз 5-ўринни, илмий салоҳият кўрсаткичи бўйича эса 1-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг агентлиги - Times Higher Education томонидан илк маротаба дунёнинг етакчи университетлари рейтингида REPORTER мақоми бўйича эътироф этилди.

 

Сўз ўрнида, талабаларимизнинг эришаётган ютуқларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Хусусан, бир нафар магистр, бир нафар бакалавр талабамиз ҳамда бир нафар докторантимиз Президент, бир нафар бакалавр талабамиз Ислом Каримов номидаги, 3 нафар бакалавр босқичи талабамиз эса Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибларига айланишди. Шунингдек, институтимизда "Ректор стипендияси"ни жорий қилган эдик. Бу йил 7 нафар иқтидорли талабаларимиз мазкур стипендияга лойиқ дея топилди. Ушбу натижаларни қайд этишимизда, албатта, институтимизда фидокорона меҳнат қилаётган устоз-мураббийларимизнинг ўрни беқиёсдир. 

Таъкидлаш жоизки, Тошкент молия институтининг маҳаллий ва хорижий эътироф этилган рейтингларда ўрнини янада кўтариш ҳамда бугунги меҳнат бозорига рақобатбардош, билимли, тажрибали ва креатив кадрларни тайёрлаш айни вақтдаги олдимизга қўйган энг улкан ва асосий мақсадларимиздан биридир.

 

Азиз ватандошлар

 

Наврўзи олам юртимизга тинчлик, омонлик, бахт-саодат, қут-барака олиб келсин!

 

Ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!

 

Барчамизнинг эзгу орзу ниятлармиз ушалсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

 

Тўлқин Тешабаев,

Тошкент молия институти ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

19:58 / 2022-03-20
Success helper
Success warning