«Халқаро аудит» номли дарслик тайёрланди
Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари А.А.Каримов, Ф.Р.Исломов ва А.З.Авлокулов томонидан тайёрланган «Халқаро аудит» номли дарслик нашр этилди.
Кейинги йилларда республикамизда аудиторлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўзбекистонда аудиторлик фаолиятини ривожлантиришда хорижий давлатларнинг тажрибасини, аудитнинг халқаро стандартларининг қўлланилиши даражасини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Юқоридаги жиҳатлар инобатга олинган ҳолда муаллифлар томонидан «Халқаро аудит» номли дарслик нашр этилди. Мазкур дарслик 70410102-«Аудит (тармоқлар ва соҳалар бўйича)» магистратура мутахассислиги талабалари учун мўлжалланган бўлиб, у «Халқаро аудит» фани ўқув дастури асосида тайёрланган.
Дарсликда халқаро аудит моделлари, халқаро аудиторлик ташкилотлари ва компаниялари фаолияти, АҚШ ва Европа давлатларида аудиторлик фаолияти, Осиё давлатларида аудиторлик фаолияти, МДҲ давлатларида аудиторлик фаолияти, аудитнинг ахлоқ кодекси, аудитнинг халқаро стандартлари, Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини халқаро миқёсда интеграциялаш масалалари каби мавзулар ёритилган.
«Халқаро аудит» номли дарслик мавзу бўйича маърузалар, назорат саволлари, тест материаллари, глоссарий ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Мазкур дарслик талабаларнинг мустақил ишлаши, шунингдек, профессор-ўқитувчиларга маъруза ва амалий машғулотлар ўтказишда ёрдам бериш учун мўлжалланган.