Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига бағишланган онлайн-конференция ўтказилди
Тошкент Молия институтида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамкорлигида 7 ноябръ куни “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари: имкониятлар ва долзарб масалалар” мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Тошкент Молия институти ва Республикамизнинг бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг вакиллари, Буюк Британиянинг Hult халқаро бизнес мактаби дотценти Ҳамид Иргашев, АССА, АСА, Ўзбекистон аудиторлар Палатаси раҳбарлари, мутахассислар ҳамда талабалар иштирок этишди.
Конференцияда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарталарини жорий этиш масалалари бўйича маҳаллий ва халқаро тажриба қизғин муҳокама қилинди. Жумладан, конференцияда Ҳамид Иргашевнинг МҲХСни жорий қилишнинг Буюк Британия тажрибаси бўйича маърузаси иштирокчиларда катта таасурот қолдирди.
Вебинарда Молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти департаменти бўлим бошлиғи М.М.Яқубов “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш – ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусида маъруза қилди ва тақдимот ўтказди. Тақдимот жараёнида маърузачи Республикамизда бухгалтерия ҳисоби соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга, Молия вазирлиги томонидан МҲХСни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга, давлат томонидан МҲХСни жорий этишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва МҲХС бўйича кадрларни таёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларига тўхталиб ўтди. Шунингдек, иштирокчиларга Вазирлик ташаббуси билан ишлаб чиқилган масофавий таълим платформаларининг (IFRS.ACADEMY ва PROFIMSFO.UZ) ишлаш тартиби бўйича атрофлича маълумот берилди.
Конференция давомида иштирокчилар томонидан МҲХСни жорий этиш ва МҲХС бўйича кадрларни таёрлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича асосланган таклифлар билдирилди ҳамда Республикамизда бухгалтерия ҳисоби тизимини ислоҳ қилиш йўналишларига бағишланган бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб туриш таклиф этилди.