“Тошкент молия институти – коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан институт жамоасининг МУРОЖААТНОМАСИ
“Тошкент молия институти – коррупциядан ҳоли олий таълим муассасаси” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан институт жамоасининг
МУРОЖААТНОМАСИ
Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Бу эзгу ишларда барча соҳаларни ривожлантирувчи асосий куч, омил ва ресурс – алалоқибат кадрлар масаласига бориб тақалмоқда. Мамлакатимиз Президентининг улкан саъй-ҳаракатлари билан таълим тизими, шу жумладан олий таълим тизими бошқа соҳалар каби ривожланишнинг янги даврини бошидан кечирмоқда ва муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимида ҳанузгача айрим муаммоли масалалар сақланиб қолмоқда. Шулардан бири, давлат ва жамият ривожланишига раҳна солувчи иллат – коррупция олий таълим тизимига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани бор гап.
Жамиятимизда мазкур иллатга қарши тизимли равишда курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида Коррупциясиз соҳа лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизда коррупция иллатига қарши янада қатъий курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4761-сон Қарори қабул қилинди ва мазкур қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Энди бу иллатга қарши кураш янада қатъий бўлади.
Халқимизга садоқат, фидоийлик, ташаббус кўрсатиб ва ҳалоллик билан хизмат қилиш фурсати аллақачон етганлигини бугун биз – Тошкент молия институтида меҳнат қилаётган ҳар бир раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчилар жуда яхши англаб турибмиз ва институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил қилиш, ёшларга етарли шароитларни яратиб бериш, уларнинг инновацион ғоялари, ишланмалари, стартаплари ва бошқа соҳалардаги улкан истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда намоён этишлари учун барча куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз.
Институтда коррупция ҳолатларини юз беришига қарши ҳар бир жабҳада, ҳар куни ва қадамда курашишга сўз берамиз. Коррупцияга қарши аёвсиз курашни қабул жараёнларидан бошлаб, талабалар ўқишини биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этамиз.
Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган институт жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланади. Бу йўлда ким тўғри хулоса чиқармаса, аяб ўтирилмайди.
Институт жамоасининг биргаликдаги саъй – ҳаракатлари натижасида биз албатта сўзимизнинг устидан чиқамиз.
Азиз юртдошлар, ёшлар ва ота-оналар!
Афсуски, жамиятимизда олий таълим муассасаларига қабул жараёнларида турли хил қинғирликлар ва кўнгилсизликлар анча камайган бўлсада, учраб турибди. Бу хабарлар турли оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ёритилмоқда. Шундан хулоса қилиб, институтга қабул жараёнларида турли найранг ва фирибгарликлар қурбонига ёки аъзосига айланиб қолманг. Ҳеч қачон сабабсиз оқибат бўлмаслигини ёддан чиқарманг. Фақат ва фақат ёшларнинг билимига ишонинг ва шунга таянинг. Институтда таълим-тарбия олаётган ёшларимиз вақтини бекорчи нарсаларга сарфламай, фақат билим олиш билан банд бўлишларида таълим тизими вакилларига кўмакдош бўлинг. Чунки, оила – жамиятнинг асоси, таълим-тарбиянинг ўзаги эканлигини унутмайлик.
Таъмагирлик, пора олиш ёки пора бериш ва унга ундаш каби жирканч иллатларга қарши курашда қисқа муддатларда самарали натижага эришиб, бошқа соҳаларга ўрнак бўлайлик. Чунки, зиёлилар жамиятни олдинга етакловчи асосий куч саналади. Ана шундай зиёлиларни етиштириб берувчи Тошкент молия институти турли иллатлардан ҳоли ҳақиқий зиё масканига айлансин.
Шунда Халқимиз, Ватанимиз, Президентимиз ва Яратганнинг олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Тошкент молия институти жамоаси