“Ўзбекистоннинг халқаро молия тизимига интеграциялашувини кучайтириш йўллари”
Тошкент молия институти “Халқаро молия-кредит” кафедраси томонидан 2020 йил 14 ноябрь куни “Ўзбекистоннинг халқаро молия тизимига интеграциялашувини кучайтириш йўллари” мавзусида республика миқёсида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуман мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштиришда халқаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш бўйича олиб борилаётган ислоҳларни маҳаллий ва хорижий иқтисодчи олимлар, соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчи-изланувчилар иштирокида муҳокама қилиш, натижаларни баҳолаш, иқтисодиётни инновацион тараққий эттириш юзасидан илғор хориж тажрибаларини Ўзбекистонда ижодий қўллаш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ўтказилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Миср Араб Республикаси Бенха университетидан соҳа мутахассислари ва олимлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.
Анжуманда мамлакатимизнинг халқаро молия тизими ва иқтисодий интеграция жараёнларидаги иштирокини фаоллаштириш, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, халқаро молия муносабатларини ривожлантиришда рақамли технологияларни қўллаш имкониятлари, халқаро молия бозори ривожланишининг замонавий тенденциялари ҳамда корпоратив секторда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокамаси ўрин олди.
Анжуман сўнгида кўрилган масалалар, муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган хулоса ва таклифлар берилди.