“Ўзбек тили” фани бўйича онлайн фан олимпиадасининг 1-босқичи ўтказилди
Тошкент молия институти талабаларининг қишки таътилини мазмунли ҳамда самарали ўтказиш мақсадида 2024 йил 3 январь куни Тошкент молия институти “Ўзбек ва рус тиллари” кафедраси томонидан “Ўзбек тили” фани бўйича онлайн фан олимпиадасининг 1-босқичи ўтказилди. Институтнинг барча бакалавриат таълим йўналишларидан 50 нафардан зиёд 1-2-курс талабалари мазкур онлайн олимпиадада фаол иштирок этишди.
Олимпиаданинг очилиш қисмида “Ўзбек ва рус тиллари” кафедраси мудири, ф.ф.н. Н.Ҳ.Юнусова нутқ сўзлади ҳамда талабаларга мазкур олимпиадада муваффақиятли иштирок этишларини таъкидлади. Шунингдек, “Ўзбек ва рус тиллари” кафедраси доценти Н.Дилмуродова ва ўқитувчи Р.Абдухалиловалар томонидан талабаларга “Онлайн фан олимпиадасини ўтказиш тўғрисида”ги Низом талаблари тушунтириб ўтилди.
“Ўзбек тили” фанидан онлайн фан олимпиадасининг 1-босқичида “lexiquiz.com” дастурида ўтказилган тест натижаларига кўра 12 нафар талаба саралаб олинди ҳамда келгуси босқичга тавсия этилди.
Фан олимпиадасининг якуний босқичи 2024 йил 5 январда ZOOM платформаси орқали ўтказилиши белгиланган.