Фойдали илм-тугамас кирим

Фойдали илм-тугамас кирим

       Баҳолаш иши ва инвестициялар кафедраси Бюджет ҳисоби ва ғазначилик факултетида “Кафедра ҳафталиги” доирасида “Фойдали илм-тугамас кирим” мавзусида тадбир ташкил этдилар.

Мазкур тадбирда Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом-хатиби Мансурхон домла Даминов иштирок этиб факултет талабаларига одоб, илм, китоб ҳамда устоз якдиллиги орқали фойдали илм эгаси бўла олиш ҳикматини ўргатдилар.

Устоз ўз маърузаларида “-Илм афзалми ёки одоб?”- деб талабалардан сўрадилар. Талабалар турлича жавоб қайтардилардилар. Сўнг яна ўзлари жавоб бердилар: “Одоб афзал. Чунки, гўзал хулқ, одоб ҳар қандай олиму-ҳунар эгасининг беназир зийнатидир. Мўтабар инсонлар нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлсалар фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришганлар. Кимки ўз обрў-эътиборидан, эришган фазилатидан айрилган бўлса, билсинки, у фақатгина бу айрилиқни одоб сақлашни лойиқ кўрмагани, ҳурмат ва эъзозни тарк қилгани сабабидандир”- деб изоҳ бердилар.

         “Китоб ўқиш, дарс тайёрлаш, сабоқ олиш, муҳокама қилиш каби машғулотлар билан ҳам илм ҳосил қилиш мумкин, лекин у ёдда қолмайдиган, ёки зарур вақтда фойда бермайдиган илм бўлади. Шунинг учун ҳам биз учун беминнат маслахатгўй, илмидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам манфаат топишидан мамнун бўлгувчи зот-Устоз керак бўлади.

Талаба олаётган илмини ва ҳикматларни чуқур эҳтиром билан тингламоғи даркор. Агар бир масалани минг маротаба эшитишга тўғри келса, ҳар вақт бутун вужудини қулоқ қилиб, жони билан эшитмоғи керак. Ва яна билингки, ҳамма нарса сарфлаш билан завол топади, фақат илм қанча сарфланса шунча зиёда бўлади”- дея такидладилар М.Даминов ўз сўзларида.

Мехмон талабалар билан хайрлашар эканлар “…Ҳар шону-шараф, шавкатга жидду-жахд, меҳнат билан эришилади. Унга ота-боболарнинг хизмати билан ҳеч қачон эришиб бўлмайди. Шон-шарафга, улуғликка интилаяпсизми?! Сиз илмга жиддий еътибор беринг, бахтли бўлинг!”-дея тилак билдирдилар.

 

 

17:54 / 2019-12-02
Success helper
Success warning