“Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

“Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мазкур соҳани янада ривожлантириш ва мамлакатимизда интеллектуал мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида вазифалар белгилаб берилган эди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, олий таълим муассасаларида интеллектуал мулк объектларини яратиш ва тижоратлаштириш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш тартиб-таомиллари тўғрисида профессор-ўқитувчиларга кенг ахборотлар бериш мақсадида Тошкент молия институтида “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилишнинг мавжуд тизими, муаммо ва ечимлар, олий ўқув юртларида илмий-инновацион ишланмаларни яратиш, уларга бўлган муаллифлик ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш ва тижоратлаштириш борасидаги ишлар самарадорлиги каби масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, соҳа мутахассислари томонидан чиқишлар қилинди.

  Жумладан, тадбирда сўзга чиққан Тошкент молия институти ректори Тешабаев Тўлқин Закирович Президентимиз томонидан интеллектуал мулк муҳофазаси ва илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича олий ўқув юртлари олдига қўйилган вазифаларга тўхталиб, бу борада институтда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.

  “Тошкент молия институти олимлари сўнгги йилларда илмий-ииновацион ишланмаларни яратиш ҳамда уларга муаллифлик гувоҳномаларни олиш борасида ижобий натижаларга эришиб келмоқдалар. Жумладан, биргина 2019 йилда яратилган 31 та илмий-инновацион ишланмага муаллифлик гувоҳномаси олиниб, шулардан, 12 тасини тижоратлаштиришдан 277,6 млн сўм пул маблағлари тушумига эришилган.

  Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра институт жамоаси томонидан 51 та муаллифлик гувохномаси олишга эришилган.

  Бугунги кунда институт банк-молия тизими, суғурта ташкилотлари, бюджет ташкилотлари билан илмий-инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича фаол ҳамкорлик қилмоқда. Жумладан, "Кредитга лаёқатлилик таҳлилининг скоринг модели" номли инновацион дастурий маҳсулотни Агробанк, Трастбанк, Даврбанк, Универсалбанк, Савдогарбанк, Туркистонбанк, “Hi-Tech Bank” каби банклар амалиётига жорий этиш орқали инновацион жамғармага 227 млн. сўм маблағ келиб тушган.

  Бюджет ташкилотларидаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб яратилган "Бюджет ташкилотлари ҳисоб сиёсати" номли инновацион ишланма республикамизнинг қатор олий таълим муассасалари ва бюджет ташкилотлари амалиётига жорий этиш орқали тижоратлаштиришдан 90,6 млн. сўм пул тушумига эришилган.” деб таъкидлади ректор.

  Тадбирда Тошкент молия институти ва Интеллектуал мулк агентлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк консултатив маркази” ДУК билан инновацион-корпоратив ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.

  Тадбир доирасида “Интеллектуал мулк консултатив маркази” ДУК мутахассислари томонидан иштирокчилар учун “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизмини такомиллаштириш” мавзусида мастер-класс ўтказилди.

  Шунингдек, тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакиллари томонидан ҳам республикамизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда инновацион ишланмалар ва интеллектуал мулк объектларининг аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтилди.

12:22 / 2020-10-23
Success helper
Success warning