«Адиблар хиёбони»да атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижодига бағишланган навбатдаги тадбир бўлиб ўтди

«Адиблар хиёбони»да атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижодига бағишланган навбатдаги тадбир бўлиб ўтди


Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг бизга қолдирган бадиий мероси бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг чўнг ва заргарлик билан яратилган ҳар бир асарида боқий ҳақиқат муҳри ва шукуҳи бор. Бундай залворли асарлар, шак-шубҳасиз, ёш авлод онгу тафаккурини бойитишда маънавий куч-қудратга эга бебаҳо меросдир. Ёзувчининг ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси эъзоз билан тилга олинмоқда, адиб хотирасига бағишланган тадбирлар эса давомли ташкил этилиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 22 июнь куни «Адиблар хиёбони»да Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ҳайкали қошида ана шундай шукуҳли тадбир ташкил этилди.




Унда институт Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлаш бўйича биринчи проректор в.в.б У.Нарбаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Тошкент молия институти адабий маслаҳатчиси, таниқли шоир Бобур Бобомурод,  “Ўзбек ва рус тиллари” кафедраси, “Табиий-илмий ва гуманитар фанлар” кафедраси профессор-ўқитувчилари, “Молиячи гулшани” ашула ва рақс ансамбли жамоаси ҳамда Сиртқи факультет талаба-ёшлари иштирок этишди.




Атоқли адибимиз, ўзбек адабиётининг ёрқин вакили Абдулла Қаҳҳор ижодини таҳлил қилиш, уларни ёшларимизнинг онг-у шуурига сингдириш, тарғиб қилиш борасида институтимиз томонидан кўпгина амалий ишлар қилинмоқда, десак муболаға бўлмайди, албатта. Хусусан, «Адиблар хиёбони»да белгиланган режа-график асосида ўтказилаётган кўтаринки руҳдаги тадбирларимиз ҳам шулар жумласидандир. Бу каби учрашувлар, хотира кечалари, китобхонлик байрамларини янада кўпроқ ва янада кенг қамровлироқ ўтказишни режа қилганмиз. Ўйлайманки, бу каби тадбирларимиз буюк адибимизнинг ижодини ўрганиш йўлидаги дебочадир, деди У.Нарбаев тадбирни очиб берар экан.





Шундан сўнг, таниқли шоир Бобур Бобомурод сўзга чиқиб, А.Қаҳҳор ижоди нақадар халқчил ва кенгн қамровли эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди. “Табиий-илмий ва гуманитар фанлар” кафедраси доцент в.б Раъно Азимбаева, ўқитувчи Ҳаким Худойберидиев, “Ўзбек ва рус тиллари” кафедраси доцент в.б Шахноза Махкамовалар ҳам адибимиз ҳақидаги илиқ хотираларни ёд этиб, ёзувчининг асарларидаги ғоя бугун ҳам долзарб эканлигига алоҳида тўхталиб ўтишди.







Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Абдулла Қаҳҳор ҳайкали ёнидаги инфокиоскага жойланган махсус маълумотлар ҳам тақдимот қилинди.







Тадбир давомида институтнинг «Молиячи гулшани» ашула ва рақс ансамбли томонидан бадиий чиқишлар намойиш этилди.



15:00 / 2022-06-22
Success helper
Success warning