Ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида БИР-71 академгуруҳи талабаларининг кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳатлари

Ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида БИР-71 академгуруҳи талабаларининг кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳатлари

Ўзбекистон марвариди бўлган “Самарқанд” жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, Рим, Афина, Бобил сингари қадимий шаҳарларнинг тенгдошидир. Дунё халқлари бу беназир маскан ҳақида “Жаҳон мамлакатларнинг безаги” ва шу каби гўзал ўхшатишларни бежиз бағишламаган эдилар. Ушбу ташбеҳлар ва сирттан ҳосил қилинган – оламжаҳон таасуротларни ҳақиқатдан ўз кўзлари билан кўриб, чинакам ишончга айлантириш тўғрисидаги фикрлар парвозида БИР-71 академгуруҳи талабалари томонидан гуруҳ мураббийи Б.Муҳамедов раҳбарлигида Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат уюштирдилар.

Саёҳат, даставвал, Самарқанддан унча олис бўлмаган Жомбой тумани ҳудудига файз бағишлаб турган “Имом ал-Бухорий мажмуаси”ни зиёрат қилишдан бошланди. Зилол чашмага сочларини чайиб турган мажнунтол ва ушбу манзарадан унча олис бўлмаган кўп қиррали шарқона суратдаги аркалар ичра буюк дин пешвоси, даҳо, мутафаккир хазратлари учун махсус бунёд этилган сағана савлат тўкиб турар эди. У ерга ташриф буюрувчилар орасида хорижлик сайёҳлар кўпчиликни ташкил этишини кўриб, нафақат бу гўша улкан туристик марказга айланиб бораётганлигини балки, Ҳадис илмининг буюк даҳоси бўлган Имом ал-Бухорий хазратларига нисбатан дунё халқларининг ўзгача хурматга эга эканликларини шундоққина англаш мумкин эди. Мажмуанинг муфассаллигини таъминлаб турган музейда эса дунё халқлари ва йирик сиёсат арбоблари томонидан тақдим этилган Қуръони Каримнинг ноёб нусхалари, ислом дини тамаддунига таалуқли бўлган қадимий ва нодир ашёлар ҳам эътибордан четда қолмади.   

Дарҳақиқат, Самарқанд дунё тараққиётининг энг қадимги ва марказий шаҳарларидан бири бўлиб, жаҳон маданияти ва фани хазинасига катта ҳисса қўшган шаҳар эканлигига тўгарагимизнинг ҳар бир аъзоси саёҳат давомида такрор ва такрор ишонч ҳосил қилиб борар эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати раҳбарлигида мустақиллик йиллари Самарқанд шаҳридаги архитектура ёдгорликларини тиклаш ва таъмирлаш, айниқса, эски шаҳар қисмини қайта қуриш ва таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилганлиги тахсинга сазовордир. Айниқса, Темурийлар сулоласи яратган архитектура ёдгорликлари Миср, Хитой, Ҳиндистон, Греция, Италия каби давлатларда яратилган архитектура обидаларидан асло қолишмайди.

Айтиш жоизки, Амир Темур саройида бўлган испан элчиси Руи Гонзалес де Клавихо ўз битикларида Самарқанд ҳақида «Темур бу шаҳарнинг гуллаб-яшнашини хоҳларди, у қайси юртни эгалламасин, у ердан одамларни бу ерга яшаши учун олиб келар, айниқса турли йўналишлардаги усталарни йиғишга ҳаракат қиларди» дея, ҳайратланиб ёзган эди.

Шу сабабдан ҳам, Самарқанд шаҳри ёдгорликлари ўзининг буюклиги билан одамларни қойил қолдирган бўлса керак. Унинг бинолари деворларидаги зангори нақшлар, меъморий шакллар, турли кўринишлардаги геометрик шакллар кишини ҳайратга солишига асло шубҳа йўқ. Булар Регистон, Шоҳи Зинда, Гўри Амир мақбаралари ансамблларидир.

Самарқанд атрофидаги Афросиёб тепаликлари бўйлаб Шоҳи Зинда меъморчилик ансамблининг 11 та мақбаралари жойлашган бўлиб, ҳикоя қилишларича, бу кўчаларни қуришни ҳеч ким режалаштирмаган, улар ўз-ўзидан 100 йиллар давомида пайдо бўлиб борган экан. Шоҳи Зинда сўзи “Тирик шоҳ” маъносини англатар экан.

Эски шаҳарга кириш дарвозаси олдидаги майдонда жойлашган “Бибихоним” номидаги масжид ҳам ўзгача тарвот касб этиб турибди. У тўртта иншоотдан иборат бўлиб, булар кириш галереяси, асосий масжид ва иккита кичик масжидлар, улар бир-бири билан айланма гумбазли ва уч қаторли тош деворлар орқали боғланиб кетар эди.

Айтишларича, Амир Темурнинг узоқ мамлакатларга қилган сафарларидан бирида унинг энг суюкли хотини, халқчил тилда Бибихоним деб ном қозонган маликаи Олия Сароймулкхоним, мамлакатдаги энг машҳур башоратчиларни йиғиб, юлдузлардан башорат қилган вақтда ушбу масжидни қуришни бошлаган экан. Бибихонимнинг чиройига ошиқ бўлиб қолган ва севги йўлида девона бўлиб, ўз жонини фидо қилган ёш меъморлардан бири масжидни қурилиши тугаши арафасида ишни пайсалга сола бошлабди, чунки масжид қурулишининг тугаши унинг учун Бибихоним руҳсоридан айрилиш билан баробар эди-да. Ана шундай кунларнинг бирида шаҳарга Амур Темурнинг чопари келади ва унинг шаҳарга қайтаётгани ҳақидаги ҳабарни айтади. Бибихоним уста меъморлардан масжид қурилишини тезроқ тугатишни талаб қилади бунинг учун хар қандай шартга розилигини айтади. Меъмор қурулишни тезроқ тугатиш учун битта шарт қўяди, у ҳам бўлса Бибихонимнинг битта бўсаси эди.

Нима қилиш керак? Бибихоним рози бўлишдан бошқа чора топмайди. Акс холда Малика Олияларининг лафзсизлиги ҳақида гап-сўзлар бўларди. Малика ноилож юзига ёстиқ қўйиб, ёстиқ устидан бўсага рози бўлади. Лекин ёш меъморнинг бўсаси шу даражада кучли ва иссиқ, малика Олиялари эса ниҳоятда номусли, орият ва андишага бино қўйган эдики, бу бўса ёстиқ устидан ҳам ўтиб соҳибжамолнинг юзида из қолдиради. Амир Темур шаҳарга кириб келиб масжидни завқ билан томоша қилади. У хотини билан кўришаётганда унинг юзидан ҳарир пардани олади ва бўса изини кўради. Бундан тутоқиб кетган Амир Темур гуноҳкорни топишни сўрайди. Ҳамма ёш меъморни қидиришга тушади, лекин у ўзини мудҳиш жазо, ўлим кутаётганлигини билиб, миноранинг энг баланд нуқтасига чиқади ва олдиндан тайёрлаб қўйилган қанотларни тақиб, Машҳарга учиб кетади…

Самарқанд мақбаралари ичида биз саёҳатчиларда янада улкан таассурот қолдирган энг машҳур меъморий объект Гўри Амирдир.

Бу мақбара Амир Темурнинг суюкли набираси Муҳаммад Султонга аталган, лекин ҳозирги кунда бу ерга Амир Темур, унинг ўғиллари ва бошқа набиралари, ўрта асрларнинг улуғ олими Улуғбек дафн этилган, бу мақбара темурийлар мақбарасига айланган экан.

Эски Самарқанднинг маркази Регистон саналади. Бу ерга шаҳарнинг ҳамма томонидан кўчалар қўшилади. Эски даврларда майдондан катта канал ўтган ва у жуда кўп қум уюмларини оқизиб келган. Шу сабабли бу майдон Регистон номини олганки, маъноси “Қумли жой” ёки “Қумли майдон”. Регистон ўн бешинчи асргача катта савдо маркази бўлган экан.

Қадимий Самарқанд шаҳрининг расмий маркази саналган Регистон майдонида учта мадраса қад кўтарган эди: Улуғбек мадрасаси (1417-1420), Шердор мадрасаси (1619-1636), Тилла-қори мадрасаси (1647-1660). 2001-йилда бу уч мадраса ЮНЕСКОнинг бутун дунё ёдгорликлари рўйхатига киритилганлигини барчамиз биламиз. Регистон - қадимий илм, таълим муассасалари жойлашган жой бўлиб, Шарқдаги шаҳар қурилиши санъатининг энг кўзга кўринарли намуналаридан бири ҳисобланади. У ҳақда Темурийлар фаҳр билан: “Ким бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилса, келиб биз қурган биноларни кўрсин”, деб бежиз айтмаганларини бугун биз ўз саёҳатимиз натижаси ўлароқ тўлиқ идрок этиб турибмиз. Зеро, бу қадимий шаҳарни мароқ билан томоша қилар экансиз, кўз олдингизда афсоналар гавдалангандек, ҳар девор, ҳар бир нақшда буюк саркарда бобомизнинг бармоқ излари, зангор йўлакларда оёқ товушлари гоҳ қулоқларимизга чалинар, гоҳ кўзларимизга кўрингандай бўлади. Баланд айвонларда у кишининг сиймоси кўрингандай бўлади. Бу масканни улкан қалб, беқиёс муҳаббат билан севиб қоласан киши.

Ташриф асносида талаба-ёшлар “Ҳазрати Ҳизр” мажмуасида бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримов қабрини зиёрат этдилар ва хотираси мангуликка даҳлдор бу улуғ сиймо ҳаққига дуойи фотиҳа қилинди. Шундай масъулият касб этувчи ушбу саёҳатдан сўнг талаба-ёшлар азим пойтахт Тошкентга улкан таассуротлар билан қайтишди.

 

15:50 / 2019-05-02
Success helper
Success warning