“КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ”

“КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ”

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент молия институтида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси ҳамда Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ҳамкорлигида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусидаги давра суҳбати (zoom-дастурий иловаси орқали) ташкил қилинди.

Тадбирда иштирок этган Тошкент молия институти ректори в.в.б. Султонали Умаралиевич Меҳмонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси Коррупцияга қарши кураш илмий таълим маркази бошлиғи Баҳодир Исламович Исмоилов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси 1-бўлим бошлиғи Жаҳонгир Хурсанбоевич Ибрагимовлар мамлакатимиз Президентининг улкан саъй-ҳаракатлари билан таълим тизими, шу жумладан олий таълим тизими бошқа соҳалар каби ривожланишнинг янги даврини бошидан кечираётганлигини ва муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини, хусусан, олий таълим муассасаларининг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб, таълим сифатини ошириш мақсадида ўқув адабиётларининг янги авлодлари яратилаётганликларини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

 

Тадбирда малака ошириш тизими такомиллаштирилиб, илмий салоҳиятни янада оширишга, ёшлар билан маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишга жиддий эътибор қаратилаётганлиги, шу билан бирга, олий таълим тизимида ҳалигача айрим муаммоли масалалар мавжудлиги, шулардан бири, давлат ва жамият ривожланишига раҳна солувчи иллат – коррупция олий таълим тизимига ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани бор гаплиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Жамиятимизда мазкур иллатга қарши тизимли равишда курашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони қабул қилинганлиги, мазкур Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга оширишни ташкил этиш, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб лойиҳани бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этиш белгилаб қўйилгани айтиб ўтилди.

Олий таълим тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик маошларини сўнгги бир йил ичида 3 маротаба ошириш бўйича қарорлар қабул қилингани, илмий фаолият билан шуғулланаётган ходимларни босқичма-босқич уй-жой билан таъминланаётганлигига жавобан халқимизга садоқат, фидоийлик, ташаббус кўрсатиб ва ҳалоллик билан хизмат қилиш фурсати аллақачон етганлигини давра суҳбатида иштирок этган Тошкент молия институти жамоаси аъзолари алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Давра суҳбатида иштирок этган Тошкент молия институти проректорлари, факультетлар деканлари, бўлим бошлиқлари, кафедра мудирлари, академгуруҳ устоз-мураббийлари – “Биз барчамиз институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил қилиш, ёшларга етарли шароитларни яратиб бериш, уларнинг инновацион ғоялари, ишланмалари, стартаплари ва бошқа соҳалардаги улкан истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда намоён этишлари учун барча куч ва ғайратимизни сафарбар қиламиз” дея сўз беришди.

 

Тошкент молия институтини ҳақиқий илм, маърифат масканига айлантириш йўлида биз барча ҳамкор ташкилотлар, жамоатчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ҳаракат қиламиз. Бу йўлда талаба-ёшларимиз, профессор-ўқитувчиларимиз – жамоамизнинг ҳар бир аъзосини бизга энг катта кўмакчи бўлишга чақираман, деб институт ректори в.в.б. Султонали Меҳмонов давра суҳбати иштирокчиларига мурожаат қилди.

 

Институтда коррупция ҳолатларини юз беришига қарши ҳар бир жабҳада, ҳар куни ва қадамда курашаш, коррупцияга қарши аёвсиз курашни қабул жараёнларидан бошлаб, талабалар ўқишини биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этиш бўйича, коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини содир этган институт жамоаси аъзоси – у ким ва қайси лавозимда ишлашидан қатъий назар, унга нисбатан “Қонун устувор – жазо муқаррар”лиги таъминланиши, бу йўлда ким тўғри хулоса чиқармаса, аяб ўтирилмаслиги давра суҳбати давомида қайта-қайта таъкидланди.

 

Барча тадбир иштирокчилари давра суҳбати якунида, таъмагирлик, пора олиш ёки пора бериш ва унга ундаш каби жирканч иллатларга қарши курашда қисқа муддатларда самарали натижага эришиб, бошқа соҳаларга ўрнак бўлиш, чунки, зиёлилар жамиятни олдинга етакловчи асосий куч саналиши, ана шундай зиёлиларни етиштириб берувчи Тошкент молия институти турли иллатлардан ҳоли ҳақиқий зиё масканига айланишига ваъда беришди.

10:22 / 2020-07-20
Success helper
Success warning