“Миллий либослар – маънавият кўзгуси”

“Миллий либослар – маънавият кўзгуси”

   Ўзбекона кийиниш маданиятини тарғиб қилиш, замонавий кийинишда ўзбекона шарм-ҳаё меъёрларига амал қилиш, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш орқали урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлмаган кийиниш услубларига тақлиднинг олдини олиш, ёшларда миллий кийиниш маданиятини шакллантириш, олий таълим муассасасида кийиниш одоби ва меъёрларига риоя қилиш бўйича тарғибот тадбирлари доирасида Тошкент молия институти Хотин-қизлар кенгаши, факултетлар Хотин-қизлар ташкилотлари фаоллари ҳамда “Қизларжон” клуби ташаббуси билан “Миллий либослар – маънавият кўзгуси” мавзусида кўрик-танлов шаклида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

   Унда институтнинг 6 та факултетидан 80 дан ортиқ талаба йигит-қизлар иштирок этиб, миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат, миллий урф-одат ва анъаналаримизга садоқат, миллий либосларнинг гўзаллиги ва замонавий талқинини турли саҳна кўринишлари, жозибали рақслар ва либослар тақдимотлари орқали намойиш қилдилар.

   Ҳар бир факултет жамоасининг (1) “Миллий либослар ва уларнинг ҳудудлар бўйича таҳлили”, (2) “Миллий либос элементларининг замонавий либосларда қўлланилиши” ҳамда (3) “Олий таълим муассасаларида кийиниш маданияти” мавзуларидаги чиқишлари ўзининг жозибаси, мавзуларнинг бадиий ечими, ижро маҳорати, миллий ва замонавий либосларга қарашларнинг ўзига хослиги билан ажралиб турди ҳамда тадбирга ташриф буюрган институт ректори Т.Тешабайев, ёшлар билан ишлаш бўйича проректор Ў.Нарбайев, устозлар-мураббийлар ҳамда талабаларда катта таассурот қолдирди.

   Тадбир ташкилотчилари ушбу тадбирни ташкил этиш ва ўтказишдаги иштироки учун хотин-қизлар ташкилотлари раҳбарлари, барча устозлар ва талабаларга ўз миннатдорчиликларини билдирадилар.

 

16:28 / 2020-12-20
Success helper
Success warning