“Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” халқаро илмий-амалий анжуман

 “Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” халқаро илмий-амалий анжуман

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш, молия соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича стратегик вазифаларни бажариш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепцияси доирасида олий таълимни модернизация қилиш, илмий салоҳиятни ошириш, таълим ва фанни ривожлантириш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент молия институти “Молия” кафедраси томонидан 2022 йил 27 май куни “Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.





Анжуманнинг асосий мақсади – молия назариясига замонавий қарашлар ва концепциялар, давлат молияси амал қилишининг замонавий муаммолари ва ечимлари, молия тизимини комплекс ривожлантириш, аҳоли молиявий саводхонлигини ошириш, муқобил молиялаштиришни ривожлантириш истиқболлари, глобал молия тизимининг замонавий тенденциялари бўйича халқаро миқёсда олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.










Халқаро анжуман географияси ўтган йилларда ўтказилган халқаро анжуманларга нисбатан ҳам кенгайиб, унинг фаолиятида маҳаллий олий таълим муассасалари билан бир қаторда Америка Қўшма Штатлари, Франция, Испания, Россия Федерацияси, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар иқтисодчи олимлари, илмий изланувчилари ва талабалар иштирок этди. Шунингдек, анжуман ишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси, Ҳисоб Палатаси, Молия вазирлиги мутасаддилари мамлакат молия тизимини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро доирада глобал молиявий муносабатларни такомиллаштириш борасидаги илмий маърузалари билан қатнашдилар.  





Анжуманда кўтарилган масалалар умумий йигилиш ва асосий йўналишлар бўйича шўъбаларда муҳокама қилиниб, натижалари юзасидан энг яхши маърузачилар дипломлар билан тақдирландилар.








Натижалар бўйича ишлаб чиқилган тавсия ва илмий хулосалар анжуман материаллари тўпламида чоп этилиши баробарида, тегишли вазирликлар ва давлат идораларига ҳам тақдим этилади. Фикримизча, олий таълим олимларининг бундай форматдаги илмий-амалий фаолияти мамлакатимиз молия тизимини янада такомиллаштириш ҳамда глобал молия муаммоларини ҳал қилишга хизмат қилади.

 

 

17:25 / 2022-05-27
Success helper
Success warning