Республикамизда бутун жахон пандемияси билан кураш кетаётган бир пайтда, карантин чораларидан келиб чиққан ҳолда, иқтидорли талабаларни илмга ва ўз устида ишлашини қўллаб-қувватлаш ва ўз қобилиятларини намоён этиш мақсадида Олий таълим муассасалари талабаларининг мутахссислик ва умумкасбий фанлар бўйича республика фан олимпиадаси шу йилнинг май ойида онлайн шаклида ўтказилди. Шу ўринда, Тошкент молия институти номидан 400 га яқин иқтидорли талабалар иштирок этдилар. Тошкент молия институти талабалари 15 та тегишли умумкасбий ва мутахассислик фанларидан ўз билимларини синаб кўрдилар.
Шуни такидлаш жоизки, қаттий карантин чораларига амал қилган ҳолда Тошкент молия институтида иқтидорли талабалар билан ишлашни янада такомиллаштириш, уларга ўз билимларини намоён этиш, истеъдодларини рўёбга чиқариш ва ўзлари устида мустақил ишлашларини рағбатлантириш ишларини самарали йўлга қўйиш мақсадида “Иқтидорли талабалар билан ишлаш ва уларнинг илмий-тадқоқот фаолиятини ташкил этиш” бўйича Йўл харитаси тузилган ва унда белгиланган чора-тадбирлар белгиланган механизмлар ёрдамида амалга оширилиб келинмоқда.
Бу йил Тошкент молия институти тарихида биринчи марта институт талабалари 17 та совринли ўринга эга бўлдилар. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, “Банк иши” фанидан 2 та биринчи ўрин, 3 та иккинчи ўрин ва битта учинчи ўринни Тошкент молия институти талабалари эгалладилар. Бундан хулоса шуки, бизнинг институтимиз талабалари ва уларнинг устозларига республика бўйича ушбу фандан тенглашадигани бўлмади.
Бундан ташқари, “Макроиқтисодиёт ва микроиқтисодиёт” фанидан ҳам, битта биринчи ўрин, учта иккинчи ўрин ва битта учинчи ўринларни ҳам бизнинг талабаларимиз қўлга киритдилар. “Молия ва кредит” фанидан иккинчи ўрин, “Иқтисодиёт назарияси” фанидан учинчи ўрин, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” фанидан иккита учинчи ўрин, “Рус тили” фанидан учинчи ўринлар ҳам бизнинг талабаларга насиб этди. Яна бир диққатга сазовор ҳолат, бу “Олий математика” фанидан Республика фан олимпиадасида биринчи ўринни айнан Тошкент молия институти талабасининг эгаллашидир. Демак, Тошкент молия институти талабалари нафақат мутахассислик фанлари, балки умумкасбий фанлардан ҳам юқори билимларга эга бўлишмоқда.
Ғолиб талабаларни ва уларнинг раҳбарларини табриклаймиз ва билим чўққиларини янада юқорисини эгаллашларини тилаб қоламиз.
Тошкент молия институти,
Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Г.Халикулова