Toshkent moliya institutida sugʻurta bozorining professional ishtirokchilari mutaxassislarining malakasini oshirish oʻquv markazi ochildi
2021 йил 27-cентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ўзининг Барқарор молия сектори маркази доирасида янги илғор ташаббус — Суғурта ва рискларни молиялаштириш дастури (IRFF) ташкил этилганини эълон қилди.
2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва “Суғурта ва рискларни молиялаштиришни такомиллаштириш" лойиҳасини биргаликда амалга оширишга келишилди.
Жорий йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент молия институтида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Суғурта ва рискларни молиялаштириш лойиҳаси (IRFF) ҳамда Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси ҳамкорлигида суғурта бозори профессионал иштирокчилари мутахассисларининг малакасини ошириш тренинг марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда институт ректори Тешабаев Тўлқин Закирович, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Карман, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси Кенгаши раиси Халилов Ойбек Носирович, республикамизда фаолият кўрсатаётган суғурта компанияларининг раҳбар ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Маълумки, суғурта соҳасини рақамлаштириш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига мос суғурта хизматларини кўрсатиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этишни юқори касбий тайёргарликка эга, креатив фикрлайдиган ва замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрларсиз амалга ошириб бўлмайди.
Тошкент молия институти 1993 йилдан буён мамлакатимиз суғурта бозори учун олий маълумотли етук мутахассислар тайёрлаб келмоқда. 1995 йилдан шу соҳа учун кадрлар тайёрлашга масъул бўлган алоҳида кафедра фаолият кўрсатиб келади. Бугунги кунда кўплаб суғурта компанияларида мазкур институтнинг битирувчилари муваффақиятли фаолият кўрсатяпти.
Шу билан бирга, жаҳон суғурта бозорида рўй бераётган кескин ўзгаришлар, Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг муҳим таркибий қисми бўлган суғурта бозорида кузатилаётган тенденциялар, эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш асосида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш орқали соҳа ходимларининг малакасини оширишга эҳтиёж туғдирмоқда. Тошкент молия институтида ташкил этилган ўқув марказининг мақсади ҳам, айнан, ушбу бўшлиқни тўлдириш, суғурта бизнеси ва бошқаруви, турли босқичдаги таълим муассасалари, суғурта бозоридаги турли профессионал йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича ходимларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишларини бажаришдан иборат.
Шунингдек, марказ суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг ходимлари ва соҳадаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув муассасаси ҳисобланади. Бунда, суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари ўз тузилмасига: суғурта ташкилотлари, суғурта воситачилари, аджастерлар, актуарийлар, суғурта сюрвеерлари, ассистансларни олади. Марказнинг ўқув дастурлари илғор хорижий тажриба, суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ва буюртмалари асосида шакллантирилади. Ўқув марказида дарс машғулотлари, нафақат, институтнинг юқори малакали ва тажрибали профессор-ўқитувчилари, балки, соҳанинг етакчи амалиётчи мутахассислари, чет эллик экспертлар томонидан олиб борилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги ташкил этилган ўқув маркази суғурта бозорида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши тўғрисида алоҳида таъкидладилар.
Тадбир якунида Тошкент молия институти, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси ва БМТ ТД ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича уч томонлама меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши мамлакатимиз суғурта соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни амалга ошириш, ўқув маркази фаолиятини янги босқичда ривожлантиришда салмоқли ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.