Тошкент молия институтида «Статистика илмий-амалий лабораторияси» очилди
Институтда илмий фаолият натижадорлигини ошириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб бориши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини амалга ошириш мақсадида Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда “Статистика илмий-амалий лаборатория” очилди.
Очилиш маросими аввалида Тошкент молия институти ҳамда Давлат статистика қўмитаси ўртасида биргаликдаги кенг қамровли фаолиятни назарда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шундан сўнг, ўзаро ҳамкорликда ташкил этилган «Статистика илмий-амалий лабораторияси»нинг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Сўзга чиққанлар мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида статистик кўрсаткичларнинг тутган ўрни ҳамда олий таълим тизимида давлат ташкилотларининг ўзаро интеграциясини янада кучайтириш борасидаги амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашишди.
Лаборатория замонавий компьютерлар билан жиҳозланган бўлиб, eStat 4.0 автоматлаштирилган ахборот тизими билан боғланган. Бу орқали талабалар тўғридан-тўғри статистика ҳисоботлар таркиби ҳамда маълумотлар шаклланишини амалиётда кўришлари мумкин.