Талабалар турар жойига ташриф: ободлик кўнгилдан, орасталик уйимиздан бошланади

Талабалар турар жойига ташриф: ободлик кўнгилдан, орасталик уйимиздан бошланади

 Халқимизда қиз фарзандни вояга етказиш, унга таълим ва тарбия бериш, қизларни оила ва миллатнинг шаъни деб ардоқлаш ҳамиша устуворлик касб этиб келган. Шундай бир нақл бор: “Ўғил бола уйнинг, қиз бола кўнгилнинг султонидир”. Демак, қиз фарзандларни баркамол аёл даражасига олиб чиқиш – тарбиянинг нозик жиҳатлари бўлиш билан бирга, мураккаб вазифа ҳам саналади. Тирикликнинг ташвиши ҳаёт тарозусининг бир палласини эгалласа, қиз боладек нозик бир ҳилқатни камолга етказиш масъулияти унинг иккинчи палласини тўлдиради десак, ҳеч янглишмаймиз. Бундай масъулиятли ва мураккаб ишни фаолиятининг асоси деб билган институт Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти фаоллари жорий йилнинг 16 февраль санасида, якшанба – дам олиш куни бўлишига қарамай, 3-сонли ТТЖга ташриф буюриб, талаба-қизлар билан суҳбат ташкил қилдилар.

 

 Суҳбат чоғида институт хотин-қизлар Кенгаши раиси Б.Нурмухамедова институтда 20 февралдан бошлаб баҳорги-ёзги формага ўтилаётганлиги, кийиниш маданияти ва бу борада институт ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш зарурлиги, институтда “Ораста қизлар” тўгараги иш бошлаётганлиги, оила ва турмушда асқотадиган ҳунар турларини ўрганиш истагида бўлган талаба-қизлар тўгаракка аъзо бўлиб, машғулотларга қатнашишлари мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Барно опа 20-27 февраль кунлари “Қизлар давраси” республика кўрик-танловининг факультетлар босқичи бўлиб ўтишини маълум қилиб, кўрик-танловни ташкил қилиш ва ўтказишда ТТЖда истиқомат қиладиган талаба-қизларни ҳам фаол иштирок этишга чақирди. Иқтисодиёт факультети Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Д.Худойбердиева эса талаба-қизларнинг дам олиш кунидаги одатий юмушларидан бўшаб, Маънавият хонасида йиғилгунларига қадар ТТЖдаги ташрифлар китобига талаба-қизлар учун ўзига хос мурожаатнома ёзиб, қизлар билан суҳбат чоғида барча қизларга уни ўқиб эшиттирди.

 

 Аввалги ташрифларда ТТЖдаги қизларнинг муаммоларини ўрганиш натижасида уларда кундалик ҳаётда арзимасдек туюлган айрим маиший жиҳозларга зарурат борлиги аниқланган эди. Шу муносабат билан, тадбир сўнггида Дилафруз Худойбердиеванинг жонкуярлиги, Солиқлар ва суғурта иши факультети декани Л.Зойиров ҳамда “Касбий психология, жисмоний тарбия ва спорт” кафедраси ўқитувчиси, спорт мураббийси Б.Аббосовларнинг ҳомийлигида келтирилган кийим-кечак осиб қуритиш жиҳозлари ТТЖда истиқомат қилувчи талаба-қизларга тақдим этилди. Ободлик кўнгилдан, орасталик уйимиздан бошланади, тақдим этилган жиҳозлар ТТЖдаги орасталикка хизмат қилишига ишонамиз.

 

 

 

16:57 / 2020-02-18
Success helper
Success warning