АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Юнусобод филиалида сайёр дарс
2019 йилнинг 6 декабрь санасида Тошкент молия институти “Баҳолаш иши ва инвестициялар” кафедраси доценти, и.ф.н. Э.Носиров ва доцент, и.ф.н. М.Раимжанова томонидан ИБ-1 гуруҳи магистратура талабаларига “Инвестиция лойиҳаларини бошқариш” ва “Инвестицияларни иқтисодий баҳолаш” фанларидан сайёр дарс ташкил этилди.
Сайёр дарс АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Юнус-Обод филиалида бўлиб ўтди. Сайёр дарсни АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Юнус-Обод филиали Бошқарувчисининг 1-ўринбосари Рапиев Тўлқин Файзуллаевич олиб борди.
Мутахассис Лондон фонд биржасида листингга киритилган ва халқаро капитал бозорларида сотувга чиқарилган “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги халқаро облигациялари ҳақида сўз юритди.
“…Жорий йилнинг 25 ноябрь куни инвесторларнинг таклифларига асосланган молиявий консультантларнинг тавсиясига кўра, банкнинг 5 йиллик халқаро облигациялари учун илк даромадлилик ставкаси 6,5% этиб белгиланди ва Лондон вақти билан соат 08:23да транзакция эълон қилинди. Буюртмалар ҳажми соат 10:00да 300 млн. АҚШ доллар (транзакция тўлиқ қопланди) ва 12:10да 800млн. АҚШ долларни (транзакция 2,5 баробар тўлиқ қопланди) ташкил этди. Лондон вақти билан соат 12:25да облигацияларнинг даромадлилик ставкаси 0.125%га пасайтирилди ва янги ставка 6,375% эълон қилинди. Мазкур стратегия инвесторларга маъқул келди ва 13:05га келиб буюртмалар ҳажми 1 млрд. доллардан ошди. Соат 14:00да буюртмалар китоби 1,2 млрд. доллар билан, яъни транзакцияни 4 баробардан юқори қоплаган ҳолда ёпилди” – дея таькидлади.