“Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида республика бўйлаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида республика бўйлаб олий таълим муассасалари раҳбар-ҳодимлари, республика Маънавият ва маърифат маркази тарғиботчилари, сиёсатчилар ҳамда олимлардан иборат тарғибот гуруҳлари иштирокида “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида маънавий-маърифий, маданий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари ва ёшлар бўйича ўринбосари Й.Абсоатов, Тошкент молия институти ректори Т.Тешабаев ҳамда Бухоро давлат университитети ректори О.Ҳамидов бошчилигидаги тарғибот гуруҳи Бухоро вилояти доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган таълим-тарбия тизимидаги янгиликлар, устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашдаги олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ёш авлод тақдирига, бу орқали мамлакат тараққиётига берилаётган эътибор ҳақида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳамда маҳаллаларда маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказмоқдалар.