Абитуриентлар диққатига!

Абитуриентлар диққатига!

Тошкент молия институтига ҳужжат топшириб чет тили сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бошқа тилларни (турк, араб, форс, корейс, хитой ва бошқ.) танлаган абитуриентлар диққатига!

 

Ҳурматли абитуриентлар!

Сиз Тошкент молия институтига ҳужжат топшириб, институтимизда ўқиш истагини билдирганингиз учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу билан бирга айрим тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида қуйидагиларга эътибор қаратишингизни сўраймиз.

Маълумки, жорий йил қабул жараёнида институмизнинг барча бакалавриат таълим йўналишларига қабул 2 та фандан, яъни математика ва чет тили фанларидан бўлиб ўтади. Ҳужжатларини онлайн топшираётган айрим абитуриентлар ўзлари билган ёки билмаган ҳолда чет тилини танлашда хатоликларга йўл қўймоқдалар. Аниқроқ айтадиган бўлсак, абитуриентлар айрим ҳолларда чет тили сифатида турк, араб, форс, корейс, хитой ва бошқа тилларни танламоқдалар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги  “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 393-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом”нинг 6-бандида “Умумий ўрта таълим (11-синф негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида испан, турк, араб, форс, дари, ҳинд, урду, хитой, корейс, уйғур, итальян, япон тилини (инглиз, немис ва француз тиллари ўқитилмаган ҳолда) чет тили сифатида ўқиган абитуриентлар мазкур тилдан кўп балли баҳо тизими бўйича имтиҳон топширадилар, қолган фанлар бўйича эса тест синовларидан ўтадилар” деб кўрсатилган. Яъни соддароқ тушунтирадиган бўлсак, инглиз, немис, француз тилларидан бошқа тилларда топширмоқчи бўлган абитуриент мактаб, академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларида ушбу тилларни (турк, араб, форс, корейс, хитой ва бошқа тилларни) ўқиган бўлишлари ва ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат ёки диплом иловасида ушбу фанларни ўқиганлиги ва ўзлаштирганлиги кўрсатилган бўлиши керак. Акс ҳолда бундай абитуриентлар чет тили сифатида ижодий имтиҳон топширадиган тиллардан бирини кўрсатсада, лекин абитуриент ҳақиқатда таълим муассасасида ушбу тилни ўқимаган бўлса ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатда акс этмаган бўлса, ижодий имтиҳонга киритилмайди ва чет тили бўйича 0 балл қўйилади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, чет тилини танлашда хатоликка йўл қўйган бўлсангиз 20 июлга қадар abitur.dtm.uz сайти орқали танлаган чет тилини амалда ўқиган ва ўрта маълумот тўғрисидаги ҳужжатингизда акс эттирилган тилга (инглиз, немис, француз тилларидан бирига) ўзгартиришингизни сўраймиз.

 

Тошкент молия институти қабул комиссияси

16:53 / 2020-07-15
Success helper
Success warning