ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ «АУДИТ» КАФEДРАСИНИНГ «ГРАНТ ТҲОРНТОН» АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИДА ФИЛИАЛИ ОЧИЛДИ

ТОШКEНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИ «АУДИТ» КАФEДРАСИНИНГ «ГРАНТ ТҲОРНТОН» АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИДА ФИЛИАЛИ ОЧИЛДИ

Бугунги кунда Тошкент молия институтида интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, айни вақтда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш бўйича ҳам ҳаракатларни бошлаб юборган.

 

Хусусан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент молия институти «Аудит» кафедрасининг “GRANT THORNTON” халқаро аудиторлик ташкилотида кафедра филиали очилди.

 

Мазкур тадбирда институт ректори Т.Тешабаев, ўқув ишлари бўйича проректор А. Тўйчиев, «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» факультети декани Д.Рустамов, “GRANT THORNTON” аудиторлик ташкилоти раҳбари Н.Каримов, шунингдек, мутахассислик кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар, ОАВ вакиллари ва талаба-ёшлар иштирок этишди.

 

Кафедра филиалини очишдан мақсад – ишлаб чиқариш корхоналарида фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, талабалар нафақат назарий билимларни, балки амалий кўникмаларга ҳам эга бўлиш, халқаро стандартларга мос замонавий аудиторлик билимларни чуқур эгаллаш ҳисобланади.

 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги ПҚ-3946-сон «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида «ёшларни аудиторлик касбига жалб этиш, хусусан профессионал жамоат бирлашмаларининг тегишли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлигини таъминлаш» вазифаси белгилаб берилган. Бундан ташқари, «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» ҳамда Президентимиз иштирокида 2021 йил 16 июнда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ишлаб чиқариш корхоналарида фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини кучайтириш, мутахассислик кафедралари филиаллари фаолиятини ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.

 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, “GRANT THORNTON” халқаро аудиторлик ташкилоти Республикамизда юқори рейтингга эга ва халқаро тармоққа аъзо бўлган ташкилотлардан биридир. Ушбу аудиторлик ташкилотида талаба ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу филиал аудит соҳасида инновацион илмий ютуқлар, илғор хорижий тажрибаларни таълим тизимига жорий этишда муҳим ҳисса қўшади, деган умиддамиз.

 

Ишончимиз комилки, бундай ҳамкорлик ташаббусларининг барчаси мамлакатимизда МҲХС асосида ҳисоб-китобларни юритишда салоҳиятли кадрларни тайёрлаб чиқаришга асос бўлади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТМИ матбуот хизмати

12:30 / 2021-09-11
Success helper
Success warning