Аёл саломатлиги – келажак соғлиги, жамият бойлиги
Тошкент молия институти Хотин-қизлар кенгаши билан Тошкент шаҳар Аҳоли репродуктив саломатлик маркази ўртасидаги 2021-2022 ўқув йилида амалга ошириладиган Ҳамкорлик режасига кўра, 2021 йил 14 октябрь куни Иқтисодиёт факультети талаба-қизлари иштирокида “Аёл саломатлиги – келажак соғлиги, жамият бойлиги” деб номланган ҳамда талаба-қизларнинг репродуктив саломатлик борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, уларнинг бу борадаги тиббий маданияти ва савиясини кўтаришга қаратилган давра суҳбати ташкил қилинди.
Давра суҳбатига таклиф қилинган Тошкент шаҳар Аҳоли репродуктив саломатлик маркази мутахассиси, акушер-гинеколог Муқаддас Азимова репродуктив саломатлик масаласига тўхталиб, бутун дунёда репродуктив саломатлик фақат тиббий муаммо эмас, балки тиббий-ижтимоий, қолаверса, ижтимоий-сиёсий муаммо ҳисобланишини, оила қуриш ёшидаги қизлар ва йигитлар ўртасида мазкур йўналишдаги фаолиятни талаб даражасида йўлга қўйиш нафақат таълим ёки соғлиқни сақлаш тизимининг вазифаси, қолаверса, давлат ижтимоий сиёсатининг долзарб йўналишларидан бири эканлигини мисолларда таъкидлади.
Тадбирда иштирок этган институт психологи Умида Абдулазизова эса оила қуриш ёшидаги қизлар психологияси борасидаги мазмунли суҳбати ва фойдали тавсиялари билан тадбирнинг мазмунини янада бойитди.