Бухорога саёхат !
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 28 июль куни кам таъминланган оилалар ҳамда меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган видеоселектор йиғилишида - «Албатта, ҳар бир гўдак бу ёруғ дунёга келар экан, унга ҳамма ота-онаси бағрида яйраб ўссин, бахтли-саодатли бўлсин, деб тилак билдиради. Лекин, тақдир тақозоси билан уларнинг айримлари ота-она меҳридан бенасиб қолади. Бундай ҳолатда бу норасида болаларнинг асло айби йўқ эканини барчамиз яхши тушунамиз, албатта» деган эди.
16-17 октябрь кунлари Тошкент молия институти ташаббуси билан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” – ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида пойтахтимиздаги 21-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари учун Бухоро шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Саёҳатда меҳрибонлик уйининг 42 нафар тарбияланувчиси, миллий гвардия ва меҳрибонлик уйи ходимларидан иборат жами 50 нафар саёҳатчилар иштирок этишди.
Мазкур саёҳат дастури Миллий гвардия билан келишган ҳолда ташкил этилди.
Саёҳатчилар Афросиёб поезди орқали Бухоро шаҳрига етиб келди ва бу ерда саёҳатчиларни ГИД-экскурсоводлар махсус автобусларда кутиб олишди. Саёҳатнинг дастлабки куни Бухоронинг қадимий жойлари, хусусан, 16-17 асрларда Бухоронинг маркази ҳисобланган ва ҳозирги кунда Бухоро аҳли ва меҳмонларининг севимли жойи бўлган Лаби Ховуздан бошланди. Майдон ўртасида катта ҳовуз бўлиб, унинг атрофида турли бинолар барпо этилган: Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси ва х.к. Шу жойнинг ўзида болалар учун тушлик дастурхони ҳам ташкил этилди.
Тушликдан сўнг, Кўкалдош мадрасаси, Бухоро карвон саройи, Мир-араб мадрасаси, Арк қалъаси ва бошқа кўплаб тарихий обидалар зиёрат қилинди. Саёҳатчилар Бухоро шаҳридаги шинам ва барча қулайликларга эга бўлган Турон меҳмонхонасига жойлаштирилди ва меҳмонхона ресторанида кечки овқат ва кўнгилочар мусиқий дастурлар ташкил этилди. Тадбир давомида болаларга ҳомийларнинг эсталик совғалари ҳам топширилди. Хуллас саёҳатимизнинг дастлабки куни қизиқарли ва катта таассуротларга бой бўлиб, болажонларга олам-олам шодлик ва қувонч улашди.
Саёҳатимизнинг иккинчи куни Бухоро шаҳридаги қадимий қадамжоларни зиёрат қилишдан бошланди. Дастлаб, Саид Амир Кулол зиёратгоҳи, кейинчалик ислом динининг ноёб устунларидан бири, Нақшбандия тариқати асосчиси Баховуддин Нақшбанднинг онаси ва ўзининг мақбаралари зиёрат қилинди. Ислом дини тарихида ўзига хос из қолдирган бу буюк алломанинг ҳаёт йўли ва ислом дини тараққиёти учун қилган хизматлари тўғрисида ўқувчи-ёшларга атрофлича маълумот берилди.
Шундан сўнг саёҳатчилар ўтирган автобус Бухоронинг сўнгги амирларининг ёзги саройи – Сарой “Ситораи Мохи хоса”га йўл олди. Мазкур сарой “Ой ва юлдузлар ўртасидаги жой” деб, шоирона номланган. Бу ерда мавжуд кўплаб музей экспонантлари, тарихий бино ва иншоотлар ҳамда макондаги муҳит болажонларнинг кўплаб хайрат ва қизиқишларига сабаб бўлди. Мазкур обидадани зиёрат қилингандан кейин Бухоро шаҳрининг кўркам ресторанларидан бири – ASR ресторанида тушлик дастурхони ташкил этилди. Тушлукдан сўнг ширинликлар ва хомийлар томонидан ташкил этилган “САЁҲАТ ТОРТИ” болажонларнинг қувончига янада қувонч қўшди.
Жуда катта ҳаяжон ва кўплаб таассуротларга бой бўлган ушбу саёҳатимиз шу ерда ўз ниҳоясига етди ва саёҳатчилар жуда катта қизиқиш ва оламшумул хурсандчилиг-у хуш кайфиятлар раҳнамолигида Бухородан Тошкент шаҳрига йўлга отланган Афросиёб поездига чиқишди.
Саёҳатчилар Тошкент шимолий вокзалида Тошкент молия институти раҳбарияти томонидан кутиб олиниб, Меҳрибонлик уйига олиб бориб жойлаштирилди. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари саёҳат ташкилотчиси ва ҳомийси – Тошкент Молия институти раҳбариятига ўзларининг чексиз миннатдорчилигини билдиришди.