КАПИТАЛ БОЗОРИГА ЕТУК МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ БОРАСИДАГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
2019 йилнинг 7 октябрь куни Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида иқтисодиёт соҳалари раҳбарлари иштирокида фонд бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Мазкур йиғилишда фонд бозорини ривожлантиришда амалга оширилиши лозим бўлган асосий масалалар белгилаб олинди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда Тошкент молия институтида фонд бозорида фаолият юритувчи етук мутахассисларни тайёрлаш, илғор хорижий муассасалар билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш ва талабаларни ўқитиш вазифаси қўйилди. Бу йўналишда Тошкент молия институти ўз олдига фонд бозорида фаолият кўрсатувчи мутахассисларни тайёрлашда дунё тажрибасини ўрганиш ҳамда уларнинг етакчи университетлари билан ҳамкорлик қилиш, алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, ушбу соҳа учун мутахассисларни тайёрлашни жорий этиш каби вазифаларни белгилаб олди. Шу мақсадда 2019 йил 7 ноябрь куни Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги кўмагида университетларнинг халқаро QS рейтингида 18-ўринда қайд этилган Америка Қўшма Штатларидаги Колумбия Университети профессори, Колумбия университети ҳузуридаги бошқарув кадрларини тайёрлаш Глобал марказининг асосчиси Уильям Эймике (William B.Eimicke) Тошкент молия институтига ташриф буюрди. Ташриф давомида пофессор Уильям Эймике томонидан “Инвестициялашнинг ижтимоий қиймати (Social value investing)” мавзусида институт профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, магистрантлари ва талабаларига маъруза қилинди. Профессор Уильям Эймике ўз маърузасини якунлагач талаба ва магистрантларнинг қатор саволларига жавоб қайтарди. Маълумот ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Уильям Эймике дунёга машҳур инвестор ва миллиардер Уоррент Баффет билан биргаликда “Инвестициялашнинг ижтимоий қиймати (Social value investing)” асарининг ҳаммуаллифидир. Шу боисдан савол-жавоблар қизғин руҳда кечди. Уильям Эймике айни вақтда Колумбия университетининг Халқаро ва жамоатчилик алоқалари мактаби бош ижрочи директори эканлигидан келиб чиққан ҳолда тадбир якунида Тошкент молия институти ректори У.Азизов истиқболда Америка университети билан қўшма дастурлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, талабалар ҳамда магистрантлар алмашинуви масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Натижада яқин вақт ичида бу борада қўшимча музокаралар ўтказишга ўзаро келишиб олинди. |