Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

 

Ҳурматли устозлар, ишчи-ходимлар!

 

Азиз талаба-ёшлар!

 

Жонажон Ватанимиз Мустақиллигининг 32 йиллиги байрами муносабати билан барча ватандошларимизни, профессор-ўқитувчиларимизни, институтимиз ходимларини ҳамда келажагимиз ишончи ва пойдевори бўлган талаба-ёшларимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

 

Бугун юртимизда энг азиз, энг улуғ байрам, қутлуғ тантана. “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида  бутун Халқимиз, жонажон Ватанимиз истиқлолининг ўттиз икки йиллик байрамини хурсандчиликда, тинчлик-омонликда, бағри бутунликда, шукроналик ҳисси билан нишонламоқда.

 

Мамлакатимиз мустақиллигининг ўтаётган даври, айниқса сўнгги йилларда давлатимиз ва Халқимиз ҳаётида кенг кўламли изчил ислоҳотлар, улкан янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган давр сифатида тарих зарварақларидан жой олаётгани ҳаммамизни бирдек қувонтирмоқда. Шу ўринда барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам, хусусан, Олий таълим тизимида ҳам жуда кўп янгиликлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Жамиятимизда таълимга бўлган  муносабатни тубдан ўзгартириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг мавқейини ошириш бўйича тизимли ислоҳотлар пойдевори мустаҳкамланди. Тараққиётимиз локомотиви сифатида қаралаётган олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш, хорижий мамлакатларнинг энг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали иқтисодиёт тармоқларини жаҳон андозаларига жавоб берадиган кадрлар билан таъминлаш масаласи кун тартибида асосий ўринга кўтарилди.

 

Сўнги йилларда тошкент молия институти ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган “олий таълим + сифат + тараққиёт” модели   асосида мамлакатимиз молиявий барқарорлигини таъминлашга хизмат қиладиган кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси сифатида кун сайин халқаро ва маҳаллий рейтингларда юқори поғоналарга кўтарилиб бормоқда. Институтда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ўқув жараёнларини модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида доимий амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

 

Фахр билан тилга олиш жоизки, институт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан Республикадаги Олий таълим муассасаларининг умумий рейтингида 3-ўринни, ижтимоий-гуманитар соҳа бўйича Олий таълим муассасалари рейтингида 2-ўринни, QS Rankings рейтингида Осиё давлатлари университетлари ичида 551 – 600-ўринда ва Марказий Осиё университетлари орасида 29-ўринда, Ўзбекистон Олий таълим ташкилотлари ичида 3-ўринда илк бора қайд этилди.

 

Шунингдек, Тошкент молия институти Times Higher Education агентлиги “World University Rankings – 2023” «ТОП-1000 талик» рейтингдан жой олиш учун даъвогар олийгоҳ сифатида, “Universitas Indonesia” томонидан бошланган “яшил кампус ва экологик барқарорлик” (UI GreenMetric World University Ranking) халқаро рейтингларидан жой олди.

 

Мазкур кўрсаткичлар, албатта, олдимизга қўйилган улкан марраларнинг дебочаси - деб биламиз ва институт жамоаси янада катта натижаларни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Таъкидлаш жоизки, институт профессор-ўқитувчиларининг илмий салоҳияти бугунги кунга келиб 68,2 фоизни ташкил этмоқда ҳамда ушбу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда. Бундан ташқари, олийгоҳимизда таълим сифатини яхшилаш борасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида қатор профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириш курсларида доимий иштирок этиб келмоқда.

 

Институтда “фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси” узлуксизлигини таъминлаш юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб, соҳа корхона-ташкилотлари, тижорат банклари билан таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, талабалар бандлигини таъминлаш, ёшларимизнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш борасида қатор ҳамкорлик алоқалари тизимли равишда йўлга қўйилди. Хусусан, 2022-2023 ўқув йилида Тошкент молия институтини тамомлаётган магистратура ва бакалавр битирувчиларининг диссертация ҳамда битирув малакавий ишлари ҳимоялари ноанъанавий тарзда илк бор ишлаб чиқариш объектларида ташкил этилди.

 

Фахр билан тилга олиш жоизки, ўтган ўқув йилида кўплаб талаба-ёшларимиз хорижий, республика миқёсидаги фан олимпиадаларида, билимлар беллашуви, халқаро ва маҳаллий спорт мусобақаларида фахрли натижаларни эгаллашди. Бир қатор иқтидорли талабаларимиз номдор стипендиялар соҳибларига айланишди. Ўйлаймизки, бу каби кўрсаткичлар янада ошиб бораверади. Албатта, бутун институт жамоаси талаба-ёшларимизнинг улкан ютуқларни қўлга киритишлари борасида барча имкониятларни сафарбар этади.

 

Дарҳақиқат, яратилаётган кенг имкониятлар, берилаётган эътибор ва эришилаётган амалий натижалар мустақилликдек улуғ неъматнинг шарофати билан. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Юқорида тўхталиб ўтган натижалар эса истиқлол бизга берган тинчлик ва осойишталикнинг ёрқин ифодасидир.

 

Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли талабалар!

 

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор жаннатмакон Ватанимиз мустақиллиги куни, ҳуррият байрами, қутлуғ айём билан сиз азизларни, сиз орқали барча оила-аъзоларингизни чин қалбимдан самимий табриклайман. Илоҳим Янги Ўзбекистонимиз Тараққиёт сари юксак марраларни босиб ўтаверсин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

 

T.Teshabayev

Тошкент молия институти ректори

11:48 / 2023-08-31
Success helper
Success warning