“Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

“Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

2023 йил 24 май куни Тошкент молия институтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ҳикмат Собиров таваллудининг 100 йиллигига бағишланган “Молия тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

 

Анжуман 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш, молия соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича стратегик вазифаларни белгилаб олиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси доирасида олий таълимни модернизация қилиш, илмий салоҳиятни ошириш, таълим ва фанни ривожлантириш йўлида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил қилинди.

 

 

 

 

 

 

Анжуманнинг асосий мақсади давлат молияси назарияси ва амалиётининг замонавий муаммолари ва ечимлари; давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишда очиқлик ва шаффофликни таъминлашнинг устувор йўналишлари; ижтимоий-иқтисодий жараёнларда муқобил молиялаштиришдан фойдаланиш истиқболлари; молия тизимини ривожлантиришда инновацион молиявий технологияларнинг ўрни ва глобал молия тизимининг замонавий тенденциялари; Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг молиявий масалалари бўйича халқаро миқёсда олимлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб муаммоларни муҳокама қилиш ва илмий асосланган таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

 

Халқаро анжуман фаолиятида маҳаллий олий таълим ташкилотлари билан бир қаторда, Америка Қўшма Штатлари, Франция, Россия Федерацияси, Белорусь, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар иқтисодчи олимлари, илмий изланувчилари ва иқтидорли талабалар иштирок этмоқда. Шунингдек, анжуман ишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик Палатаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, унинг ҳузуридаги Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлари институти мутахассислари мамлакат молия тизимини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро доирада глобал молиявий муносабатларни такомиллаштириш борасидаги илмий маърузалари билан қатнашмоқлар.

 

 

 

 

 

 

Бу йилги анжуман ўзининг молия назарияси ва амалиётига беқиёс ҳисса қўшган илмий ишлари билан, кўп йиллик ҳалол ва сермаҳсул меҳнати билан, тарбия қилган шогирдлари ва Ўзбекистон молияси тарихига тааллуқли илмий мероси билан институтимиз тарихида ўчмас из қолдирган олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Собиров Ҳикмат Рахимович таваллудининг 100 йиллигига бағишланганлиги билан айниқса аҳамиятлидир.

Ҳикмат Рахимович Собиров ҳақида сўз борар экан, “катта иқтидорга эга ва ўткир зеҳнли, ақл-идроки баланд, ўта маданиятли, ўқимишли инсон” гавдаланади. Басавлат ташқи кўринишида хотиржамлик, оғир-вазминлик, сиполик, донишмандлик акс этиб турадиган олийжаноб бу инсон катта ҳаётий йўлни босиб ўтиб, фанга, молия тарихини ўрганиш илмига, фарзандларига, набираларига, қолаверса, издошлари ва шогирдларига бой ҳаётий тажриба, молия назарияси ва тарихига оид нодир асарлар, ўлмас илмий мерос қолдирди.

 

Анжуманда профессор Собировнинг фарзандлари томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Ибратли умр йўллари” деб номланувчи танланган асарлар тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди. Олимнинг фарзандлари ушбу нодир асарлар тўпламини институт жамоасига туҳфа этар экан, Ўзбекистон ҳудудида молиявий муносабатлар ва давлат молиясининг пайдо бўлиши ва ривожланишини ўрганиш истагида бўлган изланувчиларга ушбу китоб муносиб илмий манба бўлиб ҳизмат қилади, деб умид билдирдилар.

 

 

Анжуманда сўз олган институт ректори Тешабаев Тўлқин Закирович: “Ушбу “Ибратли умр йўллари” деб номланган китобни варақлар эканман, институтимизнинг нафақат мамлакат иқтисодиёти учун малакали молиячи мутахассисларни тайёрлайдиган етук мактаб, балки забардаст олимларни етиштириб берган муқаддас ва муаззам маскан эканлигидан фахрландим. Домланинг ҳаёти, ота-бувалари, оиласи ҳақидаги ноёб маълумотларни, Туркистон ва Ўзбекистон молияси тарихи борасидаги нодир материалларни, “Давлат молияси тарихи” деб номланган йирик монографик асарларини ўрганиб чиқиб, тўғриси, домла билан бирга ишлаш, суҳбатдош бўлиш, ўгитларидан бахраманд бўлиш бахтига мушарраф бўлмаганимдан афсусландим. Аммо бугунги тезкор даврда устозни хотирлаб, ҳурмат кўрсатаётган устознинг издошлари ва шогирдларига, ушбу тўпламни тайёрлаб, ўқувчиларга туҳфа қилишда жонбозлик кўрсатган ва отасининг номини шарафлаб, хотирасига иззат-икром кўрсатаётган фарзандларига ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман ва, ўз навбатида, бундай тадбирлар илмга садоқат билан хизмат қилиш хиссини ёшлар қалби ва шуурига сингдиришда катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлишига ишонаман”, деб таъкидлади.

 

 

Анжуман ўз ишини шўъбаларда давом эттирди. Анжуман натижаларига кўра, давлат молиясини такомиллаштириш, иқтисодий-ижтимоий жараёнларда муқобил молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, инновацион молия технологияларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг молиявий негизларини мустаҳкамлашга қаратилган илмий хулосалар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

 

 

 

 

17:03 / 2023-05-24
Success helper
Success warning