“Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясидаги филиалида навбатдаги амалий машғулот бўлиб ўтди
“Суғурта ва пенсия иши” кафедраси томонидан таълим сифатини ошириш, суғурта соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда бу борада таълим ва амалиёт ўртасидаги интеграцияни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу жумладан, “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси томонидан “INNOWEEK.UZ-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида тадбирлар ташкил этилмоқда.
2023 йил 21 октябрь куни Солиқлар ва суғурта факультетининг “Суғурта иши” таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс СС-61/23 ва 3-курс СС-90/21 гуруҳлари талабалари “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси доценти О.Юлдашев ҳамроҳлигида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясидаги кафедра филиалида ташкил этилган амалий машғулотда қатнашдилар.
Компаниянинг бош бухгалтери ўринбосари И.Қаххоров талабаларга “Суғурта захиралари тушунчаси, турлари ва уларни шакллантириш” мавзусида қизиқарли тақдимот намойиш этди. Тақдимот жараёнида суғурта захираларининг моҳияти ва турлари, ҳар бир суғурта тури бўйича захиралар шакллантириш ва уларни инвестиция объектларига жойлаштириш тартиби, суғурта захираларининг компания бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши, ҳисобга олиниши ва ҳисобдан чиқарилиши, суғурта захираларини шакллантиришда актуар ҳисобларнинг ўрни каби масалалар атрофлича ёритиб берилди. Интерфаол ва савол-жавоб тарзида ўтказилган ушбу амалий машғулот талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Сўзимизнинг сўнгида таъкидлаш мумкинки, “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси бундан кейин ҳам таълим сифатини оширишга қаратилган тадбирларни юксак даражада ташкил этишда, “InnoWeek.Uz-2023” – Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида тегишли тадбирларни амалга оширишда давом этади.