«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда суғурта фаолиятини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди
2022 йил 27 июнь куни Тошкент шаҳридаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасининг конференциялар залида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда суғурта фаолиятини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро анжуман Тошкент молия институти, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси ўртасидаги тузилган «Англашинув меморандуми» доирасида ташкил этилди.
Мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида» Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш, экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини фаол давом эттириш орқали республика экспорт салоҳиятини оширишда молия секторининг муҳим таркибий қисми бўлган суғурта фаолиятининг ролини янада ошириш, юридик ва жисмоний шахсларга сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш муҳим эканлиги таъкидланди.
Конференциянинг мақсади – Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда суғурта фаолиятини ривожлантириш истиқболларига қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. Мазкур мақсадга эришишда конференция ишида ресурслар учун шафқатсиз кураш бораётган даврда иқтисодиётнинг реал секторини изчил ривожлантириш, ташқи ва ички инвестицияларни жалб қилишни кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни суғурта йўли билан ҳимоялашнинг халқаро тажрибасини Ўзбекистонда ижодий қўллаш, фуқароларга кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш, аҳолининг «суғурта маданияти»ни ошириш, суғурта бозорини тартибга солишнинг пруденциал нормаларини такомиллаштириш ҳамда суғурта фаолиятини рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида қизғин муҳокамалар асосида фикр алмашиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш каби вазифалар белгиланган.
Конференциянинг ялпи йиғилишида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги директори К.Ф. Талипов, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари С.М. Бузрукхонов табрик сўзи билан иштирок этдилар. Шунингдек, Тошкент молия институти ректори Т.З. Тешабаевнинг «Юқори малакали кадрлар – суғурта бозори рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим шарти», К.Ф. Талипов «Ўзбекистон суғурта бозорининг ривожланиши», Туркия суғурта, қайта суғурта ва пенсия компаниялари ассоциацияси бош котиби, Озгур Обали «Суғурта соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг имкониятлари – илғор тажриба», «Ўзбекинвест» экспорт-импорт суғурта компанияси бош директори, Р.С. Азимов «Ўзбекистон суғурта бозори ривожланишининг муаммолари ва истиқболлари», «СК Сбербанк» МЧЖ бош директорининг ўринбосари - рисклар бўйича директор, Россия актуарийлар гилдияси бошқаруви раиси Н.В. Новиков «Бошқарувга йўналтирилган риск ва суғурта компанияларини тартибга солишга йўналтирилган риск», Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, К.А. Шарипов «Суғурта соҳасида кадрлар таерлашда Тошкент давлат иқтисодиет университетининг ўрни», Краков иқтисодиёт университети (Полша) профессори Грзегорз Струпезеwски «Кибер суғурта рискларни бошқаришнинг инструменти сифатида», Қозон Федерал университетининг Бошқарув, иқтисодиёт ва молия институти директори Н.Г. Багаутдинова «Россия суғурта хизматлари бозорига пандемиянинг таъсири», Ўзбекистоннинг суғурта бозори профессионал иштирокчилари ассоциацияси Кенгаши раиси О.Н. Халилов «Глобал таҳдидлар ва Ўзбекистон суғурта бозори», Белоруссия давлат иқтисодиёт университети молия кафедраси мудири Т.А. Верезубова «Беларус Республикаси суғурта бозори ва замонавий таҳдидлар шароитида уни ривожлантириш истиқболлари» мавзуларида маърузалар билан иштирок этдилар.
Конференция иши куннинг иккинчи ярмида тўртта йўналиш бўйича шўбаларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Республика Ҳукумати томонидан суғурта бозорини тубдан ислоҳ қилиш, давлатга тегишли йирик суғурта компанияларини трансформация қилиш, суғурта компаниялари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суғурта бозори профессионал иштирокчилари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилишнинг халқаро стандартларини жорий қилиш, энг муҳими, суғурта маҳсулоти истеъмолчиларининг манфаатларини ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлиги хусусида тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон иқтисодиётини жаҳон иқтисодиётига тобора интеграциялашуви, глобал хавф-хатарларнинг ошиб бориши, халқаро суғурта ҳамжамияти, соҳанинг экспертлари ва таҳлилчилари олдига ҳал этилиши долзарб аҳамиятга эга бўлган қатор вазифаларни илгари сураётганлиги ушбу халқаро анжуманда маъруза билан чиқиш қилган хорижлик олим ва мутахассислар томонидан алоҳида тилга олинди.
Конференция ишида 200 га яқин соҳа мутахассислари, экспертлари ва таҳлилчилари иштирок этди. Жумладан, Полша, Туркия, Россия, Белоруссия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатлардан олим ва мутахассисларнинг ўз маърузалари билан чиқишлари конференция қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари уюшмаси, «Ўзагросуғурта», «Кафолат» ва «Гросс Инсуранcэ» каби 40 дан ортиқ суғурта компанияларининг раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Шунингдек, конференцияда Тошкент молия институти, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминистер университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Банк-молия академияси профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари ва талаба ёшлари қатнашди.
Конференция доирасида чет эллик меҳмонларни Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг меъморий обидалари билан таништириш кўзда тутилган.