Тошкент молия институтида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси
Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йил 11 апрел куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур йиғилишда ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди ва бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш, институт талабалари ва институтни тамомлаётган ёш мутахассисларга мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Тошкент молия институтида жорий йилнинг 14 апрел куни “Карьера куни” меҳнат ярмакаси ташкил этилди.
Мазкур меҳнат ярмаркасида институтнинг асосий буюртмачи ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда 150 дан ортиқ бошқа корхона ва ташкилотлар (тижорат банклари, суғурта компаниялари, хусусий сектор ташкилотлари, уюшмалар) иштирок этди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад - Тошкент молия институти талабалари ва институтни тамомлаётган ёш мутахассисларга мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар бериш ва уларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
Ўтган 2021-2022 ўқув йилида Тошкент молия институтини жами 1255 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, мазкур битирувчиларнинг 98,5% нинг бандлиги таъминлаган. Жорий ўқув йилида институтни 1992 нафар битирувчи тамомлайди. Мазкур битирувчиларни иш ўринларига тақсимоти тўлиқ амалга оширилган бўлиб, ҳозирги кунда 3-курс талабаларини иш ўринларига тақсимлаш ишлари амалга оширилмоқда.
“Карьера куни” меҳнат ярмакасида институтнинг 5000 га яқин талабалари иштирок этди.
Тадбирда иш берувчи корхона ва ташкилотлар масъул ҳодимлари ўз фаолиятини ёритувчи кўргазмали жиҳозлар ва бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашди ва талбалар билан ишга қабул қилиш бўйича танловлар ўтказди. Мазкур танловларда мувафаққиятли ўтган 100 нафар талабага Ташкилотларнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисида Сертификатлари тақдим этилди. Бундан ташқари танловларнинг биринчи босқичида иштирок этган 3000 нафар талабаларнинг маълумотномалари (объективкалари) иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари томонида ўрганиш учун олинди ва натижалари тўғрисида маълумот бериши такидланди. Мазкур тадбирда талабалар ва институт битирувчилари ишга жойлашиш борасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишди, хусусан, иш берувчи корхона ёки ташкилотдаги мавжуд вакант ўринлар, у ердаги меҳнат ва маиший-маданий шарт-шароитлар, иш ҳақи миқдорлари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконияти эга бўлишди.
Ўз навбатида тадбирда қатнашган корхона ва ташкилотлар ҳам талабалар билан бевосита суҳбат ўтказиш, ўзларига зарур бўлган кадрларни ишга танлаб олиш ва ўзаро манфаатли шартномалар ва келишувлар расмийлаштириш имкониятига эга бўлишди.
Тошкент молия институтида ўтказилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида иштирок этувчи талабалар қизиқарли таклифлар олишди ва ишончимиз комилки, тадбир уларнинг келажакдаги касбий ўсишида навбатдаги омадли қадам бўлиб қолади.