Халқаро конференцияда ҳаёт суғуртасининг долзарб йўналишлари муҳокама этилди

Халқаро конференцияда ҳаёт суғуртасининг долзарб йўналишлари муҳокама этилди

2023 йил 3 ноябрь куни институтда «Ўзбекистонда ҳаёт суғуртасининг салоҳиятини ошириш ва ривожлантириш йўналишлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

 

Конференция “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг ташаббуси билан республикамизнинг ҳаётни суғурталашга ихтисослашган етакчи суғурта компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

 

Конференцияни кириш сўзи билан очар экан, институтнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Н.Обломуродов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ва 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон - 2030 стратегияси тўғрисида”ги фармонларида молия-банк секторини, шу жумладан, суғурта соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилганлигини таъкидлади.

 

 

 

Конференция ишида ҳаётни суғурта қилиш соҳасини рақамлаштириш, яқин ва узоқ хорижий мамлакатларда ҳаёт суғуртасининг иқтисодиётдаги ўрни, суғурта соҳасида фирибгарликни олдини олиш, жамғариб бориладиган ҳаёт суғуртасини амалга оширишдаги муаммолар ва уларни ечими юзасидан билдирилган фикрлар муҳокама майдонида бўлди.

 

 

Конференцияда Россия Федерациясининг етакчи университетлари, хусусан, Санкт-Петербург давлат университети доценти Е.В.Соколовская ва Сибирь Федераль университети доценти С.Б.Глоба маъруза билан иштирок этди ҳамда ҳаёт суғуртасини ривожлантириш бўйича қатор таклиф ва тавсияларни конференция иштирокчилари эътиборига ҳавола этди.

 

Ўзбекистонда ҳаёт суғуртасининг бугунги аҳволи ва муаммолари “ALFA LIFE INSURANCE” акциядорлик жамияти бош директори Н.Якубова, “APEX LIFE sug‘urta kompaniyasi” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Б.Абиркулов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори Қ.Қўлдошев, Тошкент молия институти профессори О.Юлдашев маърузаларида ўз аксини топди.

 

Конференцияда Солиқ ва суғурта факультети декани Л.Зойиров, декан ўринбосарлари, кафедра мудирлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда 150 нафардан ортиқ талаба-ёшлар қатнашди.

 

 

 

Конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

23:07 / 2023-11-03
Success helper
Success warning