“Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан ижтимоий-маънавий тадбир ташкил этилди
2023 йилнинг 10 февраль куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Шаҳристон” маҳалласида жойлашган 63-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида маҳалла ёшларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш мақсадида Тошкент молия институтининг “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан ижтимоий-маънавий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси мудири, профессор Наргиза Кузиева ҳамда кафедра профессор-ўқитувчилари, шунингдек, Юнусобод тумани ҳокимлиги мутассаддилари, Шаҳристон маҳалласи фаоллари иштирок этдилар.
“Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси мудири, профессор Наргиза Кузиева ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши орқали инсон капитали сифатини яхшилашга эришиш мумкинлиги юзасидан ўзининг ҳаётий тажрибалари асосида фикрларини билдириб ўтди.
Шоир Бобур Бобомуроднинг ташрифи, Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 582-йиллигига бағишланган “Бадиий кеча” тадбирларига уланиб кетди. Тадбирда Юнусобод туманидаги 63-сонли мактаб ўқувчилари томонидан айтилган Алишер Навоий ғазаллари ва рубоийлари тингланди. Шоир Бобур Бобомурод ҳам ўзининг шеърларидан мутолаа қилгани тадбирнинг янада қизиқарли бўлишини таъминлади.
Тадбир сўнгида Юнусобод туманидаги 63-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг билимли, ташаббускор ва зукко ўқувчиларига кафедра томонидан китоблар совға қилинди.
Тадбир иштирокчиларда айниқса, мактаб ўқувчиларида илиқ таассурот қолдирди.