Тошкент молия институти ва БМТ Тараққиёт Дастури: ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди

Тошкент молия институти ва БМТ Тараққиёт Дастури: ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди

2023 йил 25 июль куни институтда БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга ташриф буюрган Миллиман глобал компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

 

 

 

Халқаро алоқалар бўйича проректор А.Исламкулов учрашувни кириш сўзи билан очар экан, БМТТДнинг “Суғурта ва рискларни молиялаштиришни такомиллаштириш” лойиҳаси координатори О.Ғайбуллаев, БМТТД-Миллиман “Глобал актуар ташаббуси” дастури менежери Онг Си, Миллиман компаниясининг АҚШдаги офиси бош директори Меридет Рандлес ва АҚШ суғурта бозори эксперти Эдвард Московскини институтга ташрифи билан самимий қутлади.

 


 

Тадбирда Ўзбекистонда суғурта соҳасида актуарийлар фаолияти, актуарийлар тайёрлашнинг замонавий ҳолати, Тошкент молия институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистон Миллий университетининг “Суғурта иши” таълим йўналишида ўқиётган талабаларга актуар ҳисоб-китоблар бўйича дарс машғулотларининг олиб борилаётганлиги масалалари муҳокама қилинди.

 

Миллиман глобал компанияси маҳаллий экспертларнинг актуар салоҳияти ва тажрибасини ошириш, суғурта соҳасидаги маълумотлар базасини кенгайтириш, иқлим ўзгаришларига боғлиқ рискларни бошқаришга мослашиш бўйича эҳтиёжларни баҳолаш ва ушбу йўналишда Ўзбекистонга кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилди.

 

 

Учрашувда Тошкент молия институти вакиллари билан бир қаторда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон Миллий университетининг вакиллари ҳам иштирок этдилар ҳамда мамлакатда актуар таълимни ривожлантириш борасидаги келгусидаги имкониятлар муҳокама марказида бўлди.

 

 

Тадбир якунида БМТДД лойиҳаси раҳбари О.Ғайбуллаев самимий қабул учун Тошкент молия институти раҳбариятига миннатдорчилик билдирди ва 2023 йил 31 июль куни “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасининг конференциялар залида Миллиман компанияси вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган давра суҳбатига таклиф этди.

19:43 / 2023-07-25
Success helper
Success warning