Қўшма факультет талабалари муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида иштирок этишди

Қўшма факультет талабалари муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида иштирок этишди

Миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратилган.

Яъни, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Тошкент молия институти ва Полотск Давлат университетида қўшма таълим дастури асосида таҳсил олаётган талабаларимиз ҳам муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан кенг фойдаланишмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 19-октабр куни қўшма факультет талабалари учун Полотск Давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун муддатидан аввал ташкил қилинган сайловда иштирок этишди.



 

 “Биз Тошкент молия институти ва Полотск Давлат университети ўртасидаги ҳамкорлик асосида ташкил этилган қўшма факультетда таҳсил оламиз. Қўшма таълим дастурида кўрсатилганидек, айни вақтда биз 3 босқичдан ўқишимизни Беларус Республикасида давом эттирмоқдамиз. Янги мамлакат, янги ҳислар ва янги таълим имкониятлари... Лекин бу билан бирга биз ўз ватанимизни ҳам унутганимиз йўқ ва Республикамиздаги сиёсий жараёнларга бефарқ эмасмиз. Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси президентлигига сайлов ўтказилмоқда. Ва, албатта, биз ҳам энг муносиб номзодга овоз беришни хоҳлаймиз. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг Беларус Республикасидаги элчихонаси билан биргаликда Полотск давлат университетида биз учун муддатидан олдин сайлов жараёнлари ташкил этилди. Ушбу жараён жуда ҳам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Яна шуни таъкидлашни истардимки, бу ерда овоз беришнинг барча қоидаларига амал қилинган ҳамда яширин овоз бериш учун сайловчиларга қулайликлар яратилган", – дейди ТМИ-ПДУ қўшма факультети 3-босқич талабаси Севинч Абдуллаева.



 

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Тошкент молия институти ҳамда Беларус Республикасининг Полотск Давлат университети ҳамкорлигида 2019 йил «ТМИ-ПДУ» қўшма факультети ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ушбу факультетда 200 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.
Талабалар қўшма факультетда «Молия ва молиявий технологиялар», «Банк иши ва аудит», «Бухгалтерия ҳисоби ва аудит», «Бизнес-таҳлил» ҳамда «Электрон тижорат» каби бир нечта йўналишларда таҳсил олмоқда.

ТМИ матбуот хизмати

17:00 / 2021-10-20
Success helper
Success warning