Mустақил изланувчиликка қабул қилиш учун суҳбат жараёнлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисида”ги Низомга мувофиқ институтда мустақил изланувчиликка қабул қилиш учун 08.00.07-“Молия, пул муомаласи ва кредит”, 08.00.08-“Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит” ихтисосликлари бўйича суҳбат жараёнлари бўлиб ўтмоқда.
Мустақил изланувчиликка талабгор ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан институтга Ягона электрон тизим – Олий таълимдан кейинги таълимни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими (https://phd.mininnovation.uz/) орқали мурожаат қилади ҳамда ўрнатилган тартибда барча ҳужжатлар тўлиқ бўлганда суҳбат жараёнига рухсат этилади.
Маълумот учун: мустақил изланувчилик — фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) ёки фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражаларига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шакли.
Мустақил изланувчиликка талабгорларни танлаб олиш ҳар чоракнинг учинчи ойигача бўлган муддатда ихтисослик бўйича суҳбат натижалари ва илмий ташкилот ёки таълим муассасасидаги қабул комиссиясининг тегишли хулосаси бўйича амалга оширилади.
Институт ректорининг 2023 йил 17 августдаги 309-сон буйруғига мувофиқ 2023 йилнинг IV чорагидан мустақил изланувчилкка қабул қилиш бўйича институт қабул комиссияси, аппеляция комиссияси таркиби ва ихтисослик фанлари бўйича суҳбат ташкил этиладиган вақти ҳамда жойи тасдиқланган.
Мустақил изланувчиликка талабгорлар билан ўтказиладиган суҳбат жараёнларининг адолатли ва шаффоф ташкил этиш мақсадида барча жараён видеоёзувга ёзиб олинмоқда.
Ихтисослик бўйича суҳбат натижалари институт қабул комиссиясининг тегишли хулосасига асосан мустақил изланувчиликка қабул қилинган талабгорлар рўйхати ректор буйруғи билан расмийлаштирилади.