"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Мўйноқ туманидаги амалий саъй-ҳаракатлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23-24 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва 2022 йилнинг 25 февраль куни ўтказилган йиғилишнинг 16-сон баён 10-банди 3-хат бошида “Мўйноқ аэропортининг мунтазам ишлашини таъминлаш мақсадида туристлар мавсуми камайган вақтда ўқувчи талабалар ва корхоналар ходимлари ташрифини ташкил этиш” юзасидан белгиланган вазифалар, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2022 йил 10 октябрдаги “Олий ва ўрта махсус ва профессионал муассасаларида “Яшил макон” умуммиллий дастури асосида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар” юзасидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент молия институтининг бир гуруҳ раҳбар-ходимлари, профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманига ташриф буюришди.
Мазкур ташриф давомида талаба-ёшлар Мўйноқ тумани “Мадели” ОФЙ Шеге овулида барпо қилинган “Молиячи боғи” ҳудудига экилган 5 (беш) минг туп дарахт кўчатларини парваришлаш (ерларни юмшатиш, ўтлардан тозалаш, маҳаллий ўғитлаш), суғориш, шунингдек, кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришди.
Шунингдек, ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос бўлган қўшимча 200 (икки юз) туп дарахт кўчатлари экилди. Мазкур амалий тадбирда Тошкент молия институти вакиллари билан биргаликда Мўйноқ тумани нуронийлари ва ёшлари, экология органлари ҳамда ўрмон хўжалик вакиллари фаол иштирок этиб, тадбир якунида ош дастурхони ҳамда санъаткорлар иштирокида маданий – маърифий тадбир уюштирилди.
Амалий ташриф доирасида Тошкент молия институти талаба-ёшлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари (К.Жуманиязов, Л.Сейтова), Қорақалпоғистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти (М.Жуманиязов), Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги раҳбарияти (О.Аминов), Муйноқ тумани ҳокими Б.Менглибековлар билан мулоқот қилиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси, яшил иқтисодиётга ўтиш ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан батафсил маълумотга эга бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида 2022 йилнинг ноябрь ойида Мўйноқ туманида Тошкент молия институти раҳбарияти ва жамоаси ташаббуси билан “Молиячи боғи” барпо этилганди.