Қурбон ҳайити байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг табриги!
Ҳурматли профессор-ўқитувчилар, азиз талабалар!
Бугун бутун мусулмон оламида улуғ айём, муқаддас байрам Қурбон ҳайити кенг нишонланмоқда. Ушбу саодатли кун муносабати билан институтимиз профессор-ўқитувчилари, ишчи-ходимлари ва талаба-ёшларини чин қалбимдан самимий табриклайман!
Ўзбекистонда олиб борилаётган “Инсон қадрини улуғлаш” тамойили асосидаги кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳар кимнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби долзарб масалалар ётибди. Шунингдек, мамлакат тараққиёти, равнақи бевосита таълимга қаратиладиган эътибор билан ҳам узвий чамбарчасдир. Ҳар бир миллатнинг равнақ топишида илмнинг, илмий фаолиятнинг, бугунги замонавий нигоҳ билан назар ташлайдиган бўлсак, таълимнинг инновацион усулларининг ўрни беқиёс. Қайд этиш жоизки, муқаддас ислом динимиз илм талаб қилишни ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилган. Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга киришайлик. Оила аъзоларимиз, болаларимизни ҳам илмга қизиқтирайлик. Илм ўрганаётган талаба-ёшларимизни қўллаб-қувватлайлик ҳамда уларга далда бўлиб, ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик.
Бугун юртимизда аҳолига, хусусан, ёшларга яратилаётган шароитлар таҳсинга лойиқ. Айниқса, ёшларимиз ҳар тарафлама етук ва баркамол авлод бўлишларига барча имкониятлар эшиги очиқ. Бу яратилган шароитлардан унимли фойдаланиб, юртимиз равнақига ўзини салмоқли ҳиссасини қўшадиган илм ва касб эгаси бўлишга ҳаракат қилиш ҳам қарзимиз ҳам фарзимиздир.
Республика иқтисодиётининг жадал ривожланишига мазкур соҳада етишиб чиқаётган кадрлар масаласи билан бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлаш лозим.
Тошкент молия институти эса мамлакатимиздаги иқтисодиётнинг молия соҳасига мутахассис кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Сўз ўрнида айтиш лозимки, Тошкент молия институтида илмни ривожлантириш, илмий фаолиятни рағбатлантириш, замонавий меҳнат бозорига талабаларни янада рақобатбардош кадрлар қилиб тайёрлаш, мамлакатимизнинг молия-иқтисод соҳаларини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли амалий ва илмий ишлар қилинмоқда.
Мазкур амалий ҳаракатлар натижаси ўлароқ, олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида институтимиз 5-ўринни, илмий салоҳият кўрсаткичи бўйича эса 1-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг агентлиги - Тимес Ҳигҳер Эдуcатион томонидан илк маротаба дунёнинг етакчи университетлари рейтингида РЕПОРТЕР мақоми бўйича эътироф этилди. Шунингдек, мазкур халқаро ташкилотнинг Осиё университетлари рейтинги (Асиа Университй Ранкингс 2022) да Тошкент молия институти мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида биринчи ўринни қайд этди.
Кадрлар буюртмачилари томонидан институт битирувчиларига 5000 дан ортиқ буюртмалар олинган бўлиб, уларнинг 20% давлат органлари, 25 % тижорат банклари ва кредит муассасалари, 30% хусусий сектор вакиллари, 5% суғурта ташкилотлари ва 20% бошқа ташкилотлардан келиб тушган. Институт битирувчиларининг иш билан таъминланганлик даражаси 95 % ни ташкил этмоқда.
Талабалар эришаётган ютуқларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Хусусан, биргина 2021/2022 ўқув йилида бир нафар магистр, бир нафар бакалавр ҳамда бир нафар докторант Президент, бир нафар бакалавр Ислом Каримов номидаги, 3 нафар бакалавр босқичи талабалари эса Алишер Навоий номидаги Давлат стипендияси соҳибларига айланишди. Шунингдек, институтда “Абдулла Қаҳҳор номидаги стипендия”, “Мурод Шарифхўжаев стипендияси” ва “Ректор стипендияси” жорий қилган бўлиб, мазкур ўқув йилида 10 нафар иқтидорли талабалар ушбу стипендияларга лойиқ дея топилди. Ўтган 30 йил давомида 20 нафардан ортиқ институт талабалари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси совриндори бўлган. Талабаларимизнинг эришаётган бундай ютуқлари, албатта, бизни қувонтиради ва фахр туйғусини уйғотади.
Талабаларимизнинг мана шундай улкан натижаларни қайд этишларида институтимизда фаолият юритаётган устозларнинг, профессор-ўқитувчиларнинг ҳам меҳнатларини эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Доно халқимизда “Устоз – отангдек улуғ” деган пурмаъно фикр ҳам бежизга эмас. Институтимиз эришаётган улкан натижаларда, талабаларимиз қучаётган зафарларда, албатта, устозларимизнинг меҳнатлари ётибди.
Ўйлайманки, бу ҳали эришаётган натижаларимизнинг дебочаси, келгусида катта мақсадларни, марраларни, эзгу ниятларни олдимизга қўйганмиз.
Институтимиз аҳил жамоаси! Қадрли талабалар!
Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор ушбу улуғ ва муқаддас айём билан Сизларни муборакбод этаман. Сизга оилавий тинчлик, сиҳат-саломатлик, бахту-саодат тилайман!
Айёмингиз муборак бўлсин!
Тўлқин Тешабаев,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.